“Ўзбекгидроэнерго” АЖда Наврўз байрами нишонланди
Айни кунларда мамлакатимизда Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган маданий-маърифий тадбирлар ва сумалак сайиллари ташкил этилмоқда.
Бугун “Ўзбекгидроэнерго”да ташкил этилган шундай тадбир ходимлар учун байрамона муҳит яратди.

Масъуллар таъкидлаганидек, бу каби тадбирлар кўп минг йиллик миллий ва маънавий қадриятларимизнинг аҳамиятини тушунтириш, халқона анъаналар ва бадиий адабиётга бўлган муҳаббатини оширишда муҳим ўрин тутади. Ҳар йили баҳорнинг келиши билан нишонланадиган бу байрам, оилавий учрашувлар, анъанавий таомлар ва турли маданий маросимлар билан инсонларни бирлаштиради, Шу боис, Наврўз миллий урф-одат ва қадриятларнинг мустаҳкамланиши, авлодлар орасидаги бағрикенглик ва дўстликни тарғиб қилишда муҳим аҳамиятга эга.

–Бугун Наврўз кўтаринки руҳда нишонланди. Байрам доирасида миллий ҳунармандчилик кўргазмалари ва китоб ярмаркалари ҳам ташкил этилди. Байрамона тадбирларимиз нафақат ходимларимиз учун, балки уларнинг оила аъзолари ва меҳмонлар учун ҳам ёрқин таассурот қолдирди. Айтиш керакки, “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятида Наврўз байрами ижтимоий-маърифий аҳамиятга эга бўлиб, ходимлар орасида миллий маънавият ва анъаналаримизга бўлган муҳаббатни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга, – деди жамият ахборот хизмати бош мутахассиси Ҳулкар Жўраева.
Байрам тантанаси сумалак сайли билан давом этди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА