Ўзбек тилида сўзлашган инвестор
Бугунги кунда хорижий инвесторларнинг юртимизга бўлган қизиқишлари тобора ошиб бормоқда. Улар турли йўналишларда корхоналар очиб, ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқда.
Кореялик инвестор Ба Ек Чан Навоий вилояти Конимех тумани адлия бўлими Давлат хизматлари марказидан “FACTORY UNICORN” масъулияти чекланган жамиятини давлат рўйхатидан ўтказди. Давлат хизматчилари бизнес вакилига яшил йўлак тамойили асосида хизмат кўрсатди.
Ҳайратланарли томони шундаки, хорижлик инвестор ташрифи чоғида ўзбек тилида саломлашиб, мурожаат қилди.

Албатта, бу тилимизга, миллатимизга бўлган ҳурмат. Қолаверса, тижоратга йўл топиш, тил орқали кўнгил олиш. Тадбиркорлар тилида “...мен сизнинг яқин ҳамкорингизман...”, дея такаллуф кўрсатишдир.
- Корхона трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган, - дейди кореялик бизнес вакили. - Корхонамизга маҳаллий хотин-қизларнинг 40 нафарини ишга таклиф қилдик. Ўзбекистон тараққиётига ҳисса қўшаётганимиздан хурсандмиз.
Абдували Бўриев, ЎзА