Ўйинга асосланган таълим болалар ривожланининг самарали йўли
Бугунги кунда мактабгача таълим тизимида болаларнинг ёш хусусиятлари, қизиқишлари ва табиий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш энг устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Айниқса, ўйинга асосланган таълим ёндашуви болаларнинг билим ва кўникмаларни табиий, қизиқарли ҳамда самарали тарзда ўзлаштиришида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур ёндашув болаларда мустақил фикрлаш ва ижодкорликни ривожлантиради, мулоқот ва ҳамкорлик кўникмаларини шакллантиради. Шу билан бирга, уларда ижтимоий фаоллик кучайиб, таълим жараёни бола психологияси ҳамда ёш хусусиятларига мос равишда ташкил этилади. Қизиқарли ва интерактив машғулотлар орқали таълим сифати янада юксалади.

Бухоро вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан бу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, ҳудудларда режа-график асосида манзилли амалий семинарлар ташкил этилиб, илғор педагогик тажрибалар кенг оммалаштирилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Бухоро шаҳридаги 5-сон давлат мактабгача таълим ташкилотида вилоят миқёсида юқори савияда ўтказилди. Унда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ҳамза Эллиев иштирок этиб, мактабгача таълим сифатини ошириш, болалар билан ишлашда замонавий ёндашувларни кенг жорий этиш бўйича ўз тавсияларини билдирди.

Семинар давомида муассасада фаолият юритаётган бешта ривожлантириш марказида ўйинга асосланган таълим жараёнлари амалий кўринишда намойиш этилди. Иштирокчиларга болалар билан ишлашнинг инновацион, самарали ва замонавий усуллари кўрсатиб берилди.

Айниқса, машғулотларнинг мазмуни, уларни ташкил этиш услуби ва болаларнинг фаол иштироки семинар қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди. Бу эса мазкур ёндашувнинг амалиётдаги самарадорлигини яна бир бор намоён этди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бундай амалий семинарлар мактабгача таълим тизимида сифатли таълимни таъминлаш, болаларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, ижодий фикрлаш ва фаолликни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, улар педагоглар фаолиятида илғор тажрибаларни кенг жорий этиш, таълим сифатини ошириш ҳамда мактабгача таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири