ОТМга ўқишга киритиш билан боғлиқ ноқонуний ҳолат фош этилди
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда Ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда олий таълим муассасасига ноқонуний тарзда ўқишга киритиш билан боғлиқ ҳолат фош этилди.
Хусусан, 1997 йилда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида туғилган, ҳозирда Тошкент шаҳрида яшовчи шахс ўзганинг ишончига кириб, танишлари ёрдамида уни гўёки Россия Федерациясидаги олий таълим муассасаларидан бирида 2 йил ўқиганлиги тўғрисидаги сохта ҳужжатлар асосида пойтахтда жойлашган хусусий олийгоҳнинг 3-босқичига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 8 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 7500 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур шахсдан 7500 АҚШ долларини олган вақтида Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида рўйхатда туриб, Тошкент шаҳрида вақтинча яшовчи, 1993 й.т. фуқаро ушланди.
Терговга қадар текширув давомида ушбу ноқонуний ишга Яккасарой тумани ИИО ФМБнинг инспектор-психологи ҳам алоқадорлиги аниқланди ва тезкор тадбир давом эттирилди.
Натижада, инспектор ҳам 7500 долларни олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар, кундалик ҳаётда шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келсангиз ДХХнинг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беринг. Шахсингизнинг сир сақланиши кафолатланади.
ЎзА