Oта фарзанди учун 12 йиллик алиментни тўлаб берди
Мажбурий ижро бюроси Юнусобод туман бўлими томонидан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида ота 12 йиллик алимент пулини олдиндан тўлаб берди.
Иш ҳужжатларига кўра, Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг 2023 йил 9 февралдаги буйруғига асосан, қарздор Ж.Р.дан ундирувчи Р.Қ. фойдасига вояга етмаган фарзанди таъминоти учун ҳар ойлик даромадининг 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган эди.
Бироқ қарздор ота узоқ вақт давомида мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаб келган. Давлат ижрочиси томонидан қарздорнинг яшаш манзилига борилганда уни топиш имкони бўлмаган ва шу сабабли 2025 йил 23 июль куни унга нисбатан расман қидирув эълон қилинган.
Олиб борилган қатъий ижро ҳаракатлари ва қидирув тадбирлари ўз самарасини берди. Дастлаб отанинг тўпланиб қолган 43 миллион 88 минг сўмлик алимент қарздорлиги тўлиқ ундирилди.
Бундан ташқари, МИБ Юнусобод туман бўлими давлат ижрочиси томонидан олиб борилган ҳуқуқий тушунтириш ва тарғибот ишлари натижасида ота фарзандининг келажаги ва моддий таъминоти учун алимент пулларини олдиндан тўлаб қўйиш истагини билдириб, ариза билан мурожаат қилди.
Шунга кўра, фарзанд вояга етгунига қадар, яъни 2026 йил 1 апрелдан 2038 йил 28 январгача бўлган давр учун жами 531 миллион 772 минг сўм алимент пули ҳисоб-китоб қилинди. Мазкур маблағ ота томонидан онанинг банк пластик картасига бирйўла тўлиқ ўтказиб берилди ва ижро иши амалда тамомланди.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА