Орзулари осмон йигит
Болалик инсон ҳаётидаги энг самимий давр ҳисобланади. Бу пайтда ҳар бир орзу чексиз, мақсадлар эса юксак туюлади. Кимдир учувчи бўлишни, кимдир космонавтликни, яна кимдир дунёга машҳур ихтирочи бўлишни орзу қилади. Аммо вақт ўтиши билан барча ниятлар ҳам амалга ошавермайди. Чунки мақсадга эришиш учун фақат истак етарли эмас, бунинг учун матонат, меҳнат ва ишонч талаб этилади.
Бугунги кунда ана шундай сифатларни ўзида мужассам этган ёшлар сафида учқудуқлик Шаҳбоз Бафоев алоҳида ўрин тутади. Унинг болаликдаги орзуси оддий эмас эди. У осмонни забт этишни, ҳақиқий ракеталарни учиришни истарди. Бу орзу ҳам тасодифиймас эди, чунки у болалигиданоқ авиа ва ракетамоделчилик муҳитида улғайди. Отаси фаолият юритган тўгарак унинг илк мактаби ва илҳом манбаи бўлди.
Қоғоз самолётлардан бошланган қизиқиш вақт ўтиши билан жиддий изланишларга айланди. Илк моделлар муваффақиятсиз учган пайтлар ҳам бўлди. Бироқ бу синовлар унинг иштиёқини сўндирмади, аксинча, янада кучайтирди. Ҳар бир хатодан хулоса чиқариш, қайта-қайта уриниш унинг асосий тамойилига айланди. Ана шу қатъият натижасида у бугун нафақат юртимизда, балки халқаро майдонда ҳам ўз ўрнини топган ракетамоделчига айланди.

Айниқса, Бойқонур космодромида қўлга киритилган ютуқлар унинг меҳнати ва интилишларининг ёрқин ифодаси бўлди. Бу майдон дунё миқёсида тан олинган, катта орзулар рўёбга чиқадиган маскан. У ерда муносиб иштирок этишнинг ўзи ҳам катта шараф. Бу нафақат шахсий ютуқ, балки миллий ифтихор, юрт номини юксалтириш демакдир.
Эътиборлиси шундаки, Шаҳбоз фақат ўз ютуқлари билан чекланиб қолмаяпти. У ёш авлодни тарбиялаш, уларни илм-фан ва техникага қизиқтиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Шаҳбоз авиа-ракетамодель тўгарагига раҳбарлик қилиб, юзлаб ёшларга илҳом бахш этмоқда. Бу эса келажак учун мустаҳкам пойдевор яратиш демакдир.

Бугунги ёшлар эртанги тараққиётнинг асосий кучидир. Уларга тўғри йўналиш бериш, орзуларини қўллаб-қувватлаш ва имконият яратиш жамиятнинг устувор вазифаларидан бири бўлиши лозим. Шаҳбоз Бафоев каби фидойи ёшлар эса бу йўлда барчага ибрат бўлиб хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, орзу бу шунчаки хаёл эмас. У инсонни ҳаракатга ундайдиган, унинг ҳаётига мазмун бахш этадиган кучдир. Агар бу куч меҳнат ва ишонч билан мустаҳкамланса, ҳатто энг юксак чўққилар ҳам забт этилади. Шаҳбознинг ҳаёт йўли эса бу ҳақиқатнинг ёрқин исботидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири