Оромгоҳда дам олиш саргузаштларга бой бўлмоқда
Айни кунларда ёзги таътилни кўпчилик болажонлар сўлим гўшалардаги оромгоҳларда мароқли дам олиб ўтказмоқда. Бу ерда уларга билим ва салоҳиятларини янада ошириши учун ҳам етарлича имкониятлар яратилган.
Масалан, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида жойлашган “Лочин” оромгоҳи мавсум давомида нафақат қашқадарёлик, балки қўшни вилоятлардан ҳам ташриф буюрувчи минглаб болаларга ўз бағрини очади.
У ерда ҳар навбатда минг нафар болани дам олдириш имконияти яратилган. 14 кунлик дам олиш кунларининг ҳар бир куни учун алоҳида режа ишлаб чиқилган. Масалан, Янги Ўзбекистон ғоясини тарғиб қилувчи расмлар, шеър ва қўшиқлар танлови иккинчи кун, беш кураш бўйича “Ҳарбийлаштирилган эстафета” спорт мусобақалари учинчи кун, “Миллий спорт ўйинлари” танлови тўртинчи кун ва ҳоказо.
[gallery-24576]
Шунингдек, чет тили тўгараклари, интеллектуал ўйинлар болажонларнинг билим ва салоҳиятларини янада чархланишига хизмат қилмоқда.
Сўлим табиат қўйнида жойлашган “Лочин” оромгоҳи эртакнамо кўринишга эга. Оромгоҳ ҳудудида жойлашган дунёнинг етти мўъжизаси макетларини томоша қилар экансиз гўё ўша мамлакатларга саёҳат қилгандек бўласиз.
– Ўтаётган ҳар бир кун таассуротларга бой ўтмоқда, – дейди Қарши туманидан келган 13 ёшли Ҳумоюн Қаҳрамонов. – Боиси бу оромгоҳга илк бор келишим. Айниқса, менга “Заковат” интеллектуал ўйинлари жуда ёқди. Мактабда ўзлаштирган билимларимизни синовдан ўтказяпмиз. Янги дўстлар орттиряпмиз.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари