Ўқув марказидан норози тингловчининг 11,4 миллион сўм пули олиб берилди
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасига фуқаро Ж.Г. манфаатини кўзлаб мурожаат келиб тушди. Унда “N.A.S” ўқув маркази фаолиятидан норозилик билдирилиб, ўқув курслари учун тўланган маблағларни қайтаришда амалий ёрдам сўралган.
– 2025 йил 20 февралда фуқаро ва ўқув маркази ўртасида шартнома тузилиб, 12 миллион 400 минг сўм миқдоридаги тўлов амалга оширилган, – дейди ҳудудий бошқарма бошлиғи ўринбосари А.Ҳамроқулов. – Бироқ ўқувчи дарсларга тўлиқ қатнашмагани, таълим сифати талабга жавоб бермагани сабабли шартномани бекор қилиш ва ортиқча тўланган маблағни қайтариш талаб қилинган. Ўқув маркази эса шартноманинг 6.1.6-бандини рўкач қилиб, маблағ қайтарилмаслигини айтиб, рад жавобини берган. “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 21-моддасига кўра, шартноманинг истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган ва қонунчиликка зид бўлган талаблари ҳақиқий эмас, деб топилади. Шунингдек, ижрочи кўрсатилмаган хизмат учун ҳақ олишга ҳақли эмас.
Ана шу қоидалар асосида ҳудудий бошқарма махсус комиссияси томонидан ўқув марказининг ҳаракатларида қонунбузарлик аломатлари аниқланиб, тегишли қарор ва кўрсатма берилган бўлса-да, ихтиёрий равишда бажарилмаган. Натижада ҳудудий бошқарма фуқаро манфаатини кўзлаб судга даъво ариза киритди. Суд даъво талабини қисман қаноатлантириб, ўқув марказидан истеъмолчи фойдасига кўрсатилмаган хизмат учун тўланган 11 миллион 400 минг сўм маблағни ундириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири