Тўқимачилик ва енгил саноат иқтисодиётимизнинг жадал ривожланаётган тармоқларидан бири.
Давлатимиз раҳбари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Шаҳрисабз туманидаги “Oqsaroy Vortex” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, у ерда синтетик аралашмали ип ва мато ишлаб чиқариш жараёни билан танишган эди.
Тўқимачилик ва енгил саноат иқтисодиётимизнинг жадал ривожланаётган тармоқларидан бири. Буни юртимизда барпо этилаётган кўплаб тўқимачилик корхоналари, тикув фабрикалари мисолида ҳам кўриш мумкин.
Мамлакатимизда пахтани қайта ишлаш ва ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш амалиёти пухта ўзлаштирилди. Ишлаб чиқарилаётган трикотаж маҳсулотлари бозорларда харидоргир бўлиб улгурди.
Аммо масаланинг яна бир жиҳати бор. Маълумки, вискоза матодан тайёрланган кийимлар ўзининг юмшоқлиги, тукдорлиги пастлиги, танани салқин сақлаши ва шу билан бирга сувга тушгач материал сифати бузилмаслиги билан ажралиб туради. Шу боис айнан ушбу матодан тайёрланган маҳсулотлар савдоси чаққон.
Бизда ушбу турдаги матодан тайёрланган маҳсулотлар асосан экспорт қилинади ва табиийки, нархи қиммат. Қиш мавсуми кийимлари ишлаб чиқариш бўйича бренд дўконларининг талабига жавоб беролмаймиз. Мамлакатимизда ҳам айнан шу турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки, бу орқали маҳсулот сифат даражасини ошириш, таннархни арзонлаштириш ҳамда жаҳон бозорига рақобатбардош маҳсулот тайёрлаш имкони яратилади. Шу билан бирга, тикув-трикотаж корхоналарида фақатгина мавсумий ишлаб чиқариш эмас, балки доимий сифатли маҳсулотлар тайёрлаш мумкин бўлади.
Шаҳрисабз туманида ана шундай корхоналардан бири фаолият юритмоқда.
Бу ерда “Oqsaroy Group” компанияси таркибига кирувчи “Oqsaroy Textile” ва “Oqsaroy Vortex” корхоналари ташкил этилган бўлиб, уларда умумий қиймати 54 миллион долларлик 3 лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш, натижада 1 минг 630 иш ўрни яратиш, йилига 22 миллион долларлик тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш кўзда тутилган.
Шу йилнинг октябрида “Oqsaroy Vortex” корхонаси ташкил этилиб, сунъий ва табиий толадан калава ип ва трикотаж мато ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Лойиҳа қиймати 15 миллион доллар, йилига 3 минг тонна калава ип, 5,5 минг тонна сунъий толали ип, 3,5 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқариш қувватига эга. Экспорт ҳажми йилига 7 миллион долларни ташкил этади.
Учинчи босқичда ушбу корхоналар ёнида яна битта тўқимачилик фабрикаси барпо этилиб, калава ип ва трикотаж мато ишлаб чиқаришни кенгайтириш режалаштирилган. Қиймати 18 миллион доллар бўлган ушбу лойиҳа натижасида йилига 7 минг тонна калава ип, 2,1 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқаришга эришилади. Келаси йил амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳа натижасида 700 янги иш ўрни яратилади.
– Ушбу корхонанинг анъанавий ип-йигирув фабрикаларидан асосий фарқи – бу ерда Япониянинг «Murateс» компаниясида ишлаб чиқарилган Vortex технологик ускуналари ўрнатилган, – дейди корхона таъсисчиси Даврон Ваҳобов. – Бу технологиянинг афзаллиги шундаки, калава ип тўқилаётганда тола марказлашган аэродинамик ҳаво босими орқали ўтказилади. Натижада ипнинг тукдорлиги камайиб, сифати ортади. Давлатимиз раҳбари вилоятнинг 8 та туманида “Oqsaroy Vortex” намунасидаги тўқимачилик корхоналарини ташкил этиш, уларни барпо этишда арзон конструкцияли материаллардан фойдаланиш, шунингдек, барча кластерларни кооперация қилиб, сунъий тола ишлаб чиқариш бўйича битта алоҳида лойиҳа қилиш, ёғочдан табиий тола – вискоза ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берди.
Мутахассисларнинг қайд этишича, ҳозирда мато хомашёси Австрия ва Индонезиядан импорт қилинмоқда. Чунки фақатгина саноқли давлатларда ўсадиган дарахтлардан ушбу хомашёни олиш мумкин.
Президентимиз бу ерда олимлар, мутахассислар билан биргаликда маҳаллий шароитда ёғочдан табиий тола ишлаб чиқариш юзасидан топшириқ берди. Ўзимизда ушбу хомашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилса, маҳсулот таннархи 1-1,5 АҚШ долларигача арзонлашади.
