Ўқитувчи саккиз ойда ишга тикланди
Фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, бузилган ҳуқуқларини тиклаш, айниқса, одамларнинг дарду ташвишларини ўзида акс эттирган мурожаатларини ижобий ҳал қилиш бугунги кунда адлия идоралари олдида турган устувор вазифага айланган.
Хусусан, Наманган вилоятининг Тўрақўрғон тумани адлия бўлими аралашуви билан “Оқтош” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи муаллиманинг муаммоси ўз ечимини топди.
Гап шундаки, фуқаро Б. Р меҳнат шартномаси бекор қилинганлигидан норози бўлиб ёзган мурожаатини ўрганиш чоғида иш берувчининг 2022 йил 5 январдаги 4-сонли буйруғини қабул қилишда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 99-моддаси талабларига риоя қилинмагани аниқланди. Амалдаги ушбу кодекснинг 99-моддаси биринчи қисмида ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам, икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақли эканлиги, огоҳлантириш муддати тугагандан сўнг ходим ишни тўхтатишга ҳақли, иш берувчи эса, ходимга меҳнат дафтарчасини бериши ва у билан ҳисоб-китоб қилиши шартлиги белгиланган.
Мазкур норманинг тўртинчи қисми талабида эса, агар огоҳлантириш муддати тугагандан кейин ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинмаган ва меҳнат муносабатлари давом этаётган бўлса, ходимнинг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги ариза ўз кучини йўқотади, бундай ҳолда меҳнат шартномасини шу аризага мувофиқ бекор қилишга йўл қўйилмаслиги кўрсатилган.
Меҳнат кодекси 107-моддаси биринчи қисмида меҳнат шартномасини бекор қилиш ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар томонидан амалга оширилади ва буйруқ билан расмийлаштирилиши белгиланган бўлса-да, иш берувчининг юқорида қайд қилинган 4-сонли буйруғида мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Б. Р ўз аризасига асосан 2022 йил 11 январдан вазифасидан озод этилиши белгиланган. Иш берувчи билан ходим ўртасида тузилган 2021 йил 30 августдаги 11-сонли меҳнат шартномаси кўрилганида Б. Р номуайян муддатга ишга қабул қилинганлиги, ушбу шартноманинг 6-бандида эса, синов муддати бир йил этиб белгиланганлиги кўрилди. Ваҳоланки, Меҳнат кодекси 85-моддаси биринчи қисмида дастлабки синов муддати уч ойдан ошиб кетиши мумкин эмаслиги кўрсатилган.
Фуқаро мурожаатида жорий йил аввалидаги буйруқ билан ҳозирга қадар таништирилмаганлиги ва буйруқдан нусха берилмаганлигини билдирган. Туман адлия бўлими томонидан киритилган таъсир чораси натижасида ўқитувчи аёл саккиз ой деганда ишга қайта тикланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.