Ўқиш саводхонлиги баҳоланмоқда
PIRLS — бу халқаро тадқиқот бўлиб, у ҳар бир иштирокчига мамлакатда ўқиш саводхонлигини ривожлантириш даражасини солиштириш имконини беради. Ушбу тадқиқот доирасида тўпланган маълумотлар асосида махсус “энциклопедия” шакллантирилиб, унда турли давлатларда ўқиш орқали ўрганишга оид таълим муҳити ва ёндашувлар ҳақида батафсил маълумотлар жамланади.
Фарғона шаҳрида "PIRLS 2026" халқаро баҳолаш тадқиқотининг асосий синов жараёнлари бошланди. Ушбу нуфузли тадқиқот дунё миқёсида бошланғич таълим сифати ва ўқувчиларнинг ўқиш саводхонлигини баҳолашга хизмат қилади. Фарғонада ўтказилаётган синовларда 17 та мактабдан жами 646 нафар ўқувчи иштирок этмоқда. Шунингдек, уларнинг ота-оналари, бошланғич синф ўқитувчилари ҳамда мактаб директорлари ҳам жараёнга жалб қилингани тадқиқотнинг қамрови кенг ва ҳар томонлама эканини кўрсатади.



Қайд этиш лозимки, PIRLS тадқиқоти нафақат ўқувчиларнинг матнни ўқиш ва тушуниш қобилиятини баҳолайди, балки таълим жараёнига таъсир қилувчи муҳим омилларни ҳам чуқур таҳлил қилади. Жумладан, мактаб муҳити, ўқитувчиларнинг иш услуби, ўқувчиларнинг ўқишга бўлган муносабати ва уй шароитидаги таълим муҳити махсус сўровномалар орқали ўрганилади. Бу эса мамлакат таълим тизимини янада такомиллаштириш учун муҳим маълумотлар базасини яратади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА