Оқ цемент қўшни мамлакатларга ҳам экспорт қилинмоқда
Жиззах вилоятининг Зомин туманининг Даштобод шаҳрида фаолият юритаётган “Dal Teknik Zomin Cement and Lime” МЧЖ бугун нафақат мамлакатимиз, балки бутун Марказий Осиёда оқ цемент ишлаб чиқараётган йирик саноат корхоналаридан бири сифатида эътироф этилмоқда. Замонавий ёндашув ва илғор технологиялар асосида барпо этилган ушбу завод қисқа вақт ичида стратегик аҳамиятга эга ишлаб чиқариш марказига айланди.
Корхона раҳбари Иброҳим Ҳалил Алканат бошчилигида йўлга қўйилган ишлаб чиқариш жараёнлари бугун юқори сифат ва барқарорликни таъминламоқда. Маҳсулотнинг халқаро талабларга тўлиқ жавоб бериши эса уни ташқи бозорларда ҳам рақобатбардош қилмоқда. Айни пайтда корхона маҳсулотлари Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон бозорларига экспорт қилинмоқда.
Маълумки, оқ цемент қурилиш ва архитектура соҳасида алоҳида ўрин тутади. У нафақат мустаҳкамлик, балки иншоотларга эстетик кўриниш бағишлайди. Заводда ишлаб чиқарилаётган цементнинг оқлик даражаси 85 фоиздан юқори бўлиб, бу кўрсаткич уни юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар қаторига олиб чиқмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, мазкур лойиҳа ҳудуд саноат салоҳиятини ошириш билан бирга, янги иш ўринлари яратиш ва иқтисодий фаолликни кучайтиришда муҳим омил бўлмоқда. Шу жиҳатдан, корхона фаолияти нафақат ишлаб чиқариш, балки ижтимоий-иқтисодий тараққиётга ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда.
— Заводимиз 2019 йилда 10,3 гектар майдонда барпо этилган. Бугун у минтақа учун муҳим стратегик корхонага айланди, — дейди корхона раҳбари Иброҳим Ҳалил Алканат. — Яқин истиқболда экспорт географиясини янада кенгайтиришни режалаштиряпмиз. Шунингдек, ишлаб чиқариш қувватини йиллик 140 минг тоннага етказишни мақсад қилганмиз. Ушбу ҳажмнинг асосий қисми экспортга йўналтирилиб, валюта тушумини сезиларли даражада ошириш кўзда тутилган.
Эътиборли жиҳати шундаки, Жиззахда ишлаб чиқарилаётган оқ цемент бугун сифат ва ишонч рамзига айланиб улгурди. У Марказий Осиё қурилиш бозорида янги мезонларни белгилаш салоҳиятига эга.
[gallery-28418]
Хулоса қилиб айтганда, “Dal Teknik Zomin Cement and Lime” МЧЖ мисолида саноатни оқилона ташкил этиш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва узоқни кўзлаб режа тузиш қандай самара бериши яққол намоён бўлмоқда. Бу эса мамлакатимиз иқтисодиёти барқарор ўсишининг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА