Онлайн касса чекларида дори воситалари учун маркировка коди мажбурий бўлади
2026 йил 1 июлдан бошлаб рақамли маркировкаланиши лозим бўлган дори воситалари реализация қилинганда онлайн назорат-касса техникаси чекларида товарларга тегишли “Asl belgisi” ахборот тизимидаги рақамли маркировка кодлари автоматик тарзда мажбурий акс эттирилади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 23 январдаги “Мажбурий рақамли маркировкалаш тизими самарадорлигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган.
Мазкур қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 июлдан эътиборан тадбиркорлик субъектлари томонидан рақамли маркировкаланиши шарт бўлган маҳсулотлар реализация қилинганда электрон ҳисобварақ-фактураларни шакллантириш жараёнлари ҳам автоматлаштирилади. Хусусан, лицензия ёки рухсат этувчи ҳужжатлар мавжудлиги, “Asl belgisi” ахборот тизимида рўйхатдан ўтгани ҳамда рақамли маркировка кодларининг тўғри акс эттирилиши автоматик текширилади.
Шунингдек, бундай маҳсулотларни чакана савдо қилувчи тадбиркорлик субъектларига сотишда уларнинг рақамли маркировка кодларини тўғри ўқишни таъминловчи махсус қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши талаб этилади. Ана шундай ҳолатда электрон ҳисобварақ-фактуралар шакллантирилади.
Қарорда белгиланишича, рақамли маркировкаланиши лозим бўлган маҳсулотлар сотилганда онлайн касса чекларида ҳам қатор жараёнлар автоматик равишда амалга оширилади. Жумладан, рақамли маркировка коди киритилганда ушбу кодга бириктирилган товарларнинг маҳсулот ва хизматлар идентификация кодлари (МХИК) тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилади. Шу билан бирга, товарлар учун “Asl belgisi” ахборот тизимида мавжуд рақамли маркировка кодларини мажбурий акс эттириш тартиби жорий этилади.
Айни вақтда мазкур қарорга мувофиқ тиббий буюмларни мажбурий рақамли маркировкалашни жорий этиш муддатлари 2027 йил 1 июлга қадар узайтирилган.
Таъкидланишича, ушбу чора-тадбирлар рақамли маркировкалаш тизими самарадорлигини ошириш, маҳсулотлар айланмасида шаффофликни таъминлаш ва ноқонуний айланманинг олдини олишга хизмат қилади.
М.Қосимова, ЎзА