Она тилимиз – миллат кўзгуси
Она тилимизни миллий маънавиятимизнинг кўзгуси, деб атаймиз. Ўзбек тилининг қадр-қиммати, ўзлигимизнинг ифодаси экани кўпроқ қайси жиҳатларда намоён бўлади? Она тилимизнинг фидойиси, заҳматкаш олима, Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети профессори, филология фанлари доктори Зулҳумор Холмоновага мавзу юзасидан бир неча саволлар билан мурожаат этдик.
– Бугун кўпчилик ижтимоий тармоқларда она тилимиз софлиги ҳақида қайғуряпти. Лекин кундалик ҳаётда, айниқса, ёшлар нутқида “сўкинишлар”, аралаш сўзлар ёки интернетда тобора урфга айланиб, оммалашиб бораётган “жаргонлар” жуда кўп. Сизнингча, тилнинг бундай ўзгариши унинг табиий ривожланиш жараёними ёки чиндан ҳам хавотир олишимиз керак бўлган инқирозми? Тилшунос сифатида бунга қандай қарайсиз?
– Янги Ўзбекистон халқига “Ўзбек тили байрами” қутлуғ бўлсин!
“Тил софлиги” – нисбий тушунча. Бугунги кунда “ўзбек тилининг софлигини сақлаш” деганда ҳозирги ҳолатини барқарорлаштириш, чет сўзлар ўрнига кўпроқ ўз қатлам сўзларини қўллаш, хорижий тилларга мансуб сўзларнинг юқори суръатларда ўзлашиш жараёнига ҳушёрлик билан муносабатда бўлиш тушунилади. Тилни ёппасига ўзлашма сўзлар кириб келишидан ҳимоялашнинг асосий омили термин ва сўзларнинг сараланиши, муқобилларини топиш ёки ички имкониятлар асосида ясаш, муқобили бўлмаганларинигина қабул қилишдан иборат тизимнинг йўлга қўйилишидир. Бу жараён сўз ўзлаштирилгунига қадар амалга оширилиши лозим. Баъзи ҳолларда, тилимизга ўзлашиб бўлган сўзларни туркий ёки ўзбекча муқобилига алмаштириш масаласини қўямиз. Бундай ёндашув имконсиз вазиятларни юзага келтиради. Чунки сўз ўзлашиб, тил соҳибининг онгида тушунча ҳосил қилиб, семантик жиҳатдан илдиз отиб бўлгандан кейин, уни бошқа бирликка алмаштириб бўлмайди. Тил муҳофазаси онгли равишда, қатъий тарзда, ўзлашма сўзларнинг кириб келишини назорат қилиш, тартибга солиш, тизимлаштириш билан амалга ошади.
Ўтган асрда тарғибот масалалари, ахборотни етказиш, миллий тафаккурни такомиллаштириш ва методологияни сингдириш борасида оммавий ахборот воситалари аҳамиятли ўринга эга бўлган. Оммавий ахборот воситаларининг маълумотлар кўлами нисбатан тор бўлган, назоратга асосланган, оммага тақдим этиладиган ҳар бир маълумот, ахборотнинг таъсир даражаси ҳам ҳисобга олинган.
ХХI асрга келиб, ижтимоий тармоқлар кенг доирадаги ахборот тусини олди. Дунё интернет тизими том маънодаги ўргимчак тўри сифатида инсониятнинг тафаккури, ақлу заковатини эгаллаб бормоқда. Баъзи ҳолларда сунъий интеллектнинг инсон онгини бошқараётганига ҳам гувоҳ бўляпмиз. Интернет тизимининг инсоният ақл-заковати маҳсули сифатида ижтимоий-маданий тараққиёт, илм-фан ривожида муҳим қиймат касб этишини эътироф этмаслик мумкин эмас. Маълумот, хабарлар кўлами, мавзу доираси кенгайди. Ижтимоий-сиёсий, айрим маданий-маърифий каналлар ўз фаолиятини тизимли равишда олиб бормоқда. Аммо айрим сайтлар, телеграм гуруҳларида маълумотларни тақдим этишда тартибсизлик, маълум маънода, “эркинлик” амал қила бошлади. Эркинликнинг ҳам ўз қонун-қоидаси, чегараси бор. Баъзи ҳолатларни шунчаки эркинлик сифатида баҳолаб бўлмайди, қуюшқондан чиқиш ҳолатлари учрамоқда. Кундалик ҳаётдаги айрим мулоқот жараёнларида қўпол, дағал сўзлар, сўкинишлар, фикр алмашувларда жаргонлардан фойдаланиш кўп кузатилмоқда. Интернет тармоқларидаги оммавий жалб қилиш, хориж кўрсатувларига, чиқишларига тақлид қилиш оммавий ахборот воситаларига ҳам ўз таъсирини ўтказди. Ижтимоий вазиятлар, кичик доирадаги воқеалар оммавий ахборот воситаларида ҳам ёритиб борилмоқда. Айрим кўрсатувлар, радиоэшитиришларда нутқ маданияти борасида меъёрийликдан оғиш ҳолатларига йўл қўйилмоқда.
Интернет ахборот асрининг саноқсиз вакилларини қамраб олган ададсиз аудиторияга айланди. Аудитория дарс, сабоқ бериладиган макон сифатида инсон маънавий камолотида алоҳида ўрин тутади. Ўзбек тилида фаол кузатиладиган метонимия ҳодисаси, яъни алоқадорлик асосидаги маъно кўчиши натижасида аудиторияда ўтирган тингловчи ҳам шу ном билан юритилади. Бугунги кунда оммавий ахборот воситаларининг ўз аудиторияси бор, шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги сайтлар, каналлар, телеграм гуруҳларининг ҳам. Ижтимоий тармоқлар оммавий ахборот воситаларига нисбатан анча катта доирани қамраб олган. Интернет тармоқларидаги ёзишмаларда йўл қўйилган хатолар, қўпол сўзлар, жаргонлар тармоқлардан фойдаланувчи қатламга салбий таъсир кўрсатади. Шу билан бир қаторда тилдаги ноадабий бирликларга, инсон руҳиятига салбий таъсир кўрсатувчи қатламга кўпроқ эътибор қаратилади.
Интернет тизимидаги маълумотларни фильтрлаш, айрим субъектив муносабатларнинг қўпол ифодаланиш ҳолатларига нисбатан жарима белгилаш лозим. Ҳақоратлаш ёки шахс нуқсонини айтишнинг жаримага тортишга сабаб бўлиши бу борадаги кўплаб қўпол муносабат ва фикрларнинг олдини олмоқда.
Интернет тармоқлари ҳар қачонгидан ҳам юқори тезлик белгисига эга бўлган, маълумотларни қисқа муддатларда тез узатишга мосланган аудитория ҳисобланади. Бу кенг аудиторияда ўзбек тилининг рағбатлантирувчи, инсон руҳиятига ижобий таъсир кўрсатувчи имкониятлари, тилимизнинг жозибадорлиги билан бир қаторда фикр ифодаловчининг, сўзловчининг маданиятини кўрсатувчи омил эканлигини намоён қилиш мақсадга мувофиқ. Ижтимоий тармоқлардан ўзбек тили тарғиботи, сўзларнинг маъноси, кундалик ҳаётий кўникмалар ҳосил қилишда зарур бўлган мақоллар, ҳикматларнинг мазмунини етказишда, архаик бирликларнинг маъносини очиб беришда фойдаланиш тўғри бўлади. Бундай ёндашувларда ёшлар ташаббускорлигини йўлга қўйиш, уларни рағбатлантириш ва тенгдошларига таъсир ўтказиш маҳоратларини шакллантириш лозим.
Тилнинг ривожланиши табиий жараён. Лекин инсон уни бошқариши, назорат қилиши мумкин. Ижтимоий-сиёсий жараёнлар, ўзбек тили тарихида ёзув тизимининг бир неча бор ўзгариши тил тараққиётини бошқариш мумкинлигига оид далиллардир.
– Биз байрамларда она тилимизни дунёдаги энг бой, энг гўзал тил, деб мақтаймиз. Аммо тан олиш керак, бугун илм-фан, замонавий технологиялар ва бизнес тили, асосан, инглиз ёки рус тилларида. Ўзбек тилининг шунчаки шеърият ва маиший мулоқот тили бўлиб қолмаслиги, балки замонавий дунё билан ҳамқадам яшаши учун ҳозир, биринчи навбатда, нима қилишимиз керак, деб ўйлайсиз?
– Дарҳақиқат, ўзбек тили энг қадимий, бой ва гўзал тилдир. Шуниси ҳам борки, энг қадимги даврдан ҳозирга қадар ўзбек тили таровати бор бўй - басти билан сақланиб қолмади. Кўплаб сўзлар ҳаттоки шевалар доирасида ҳам истеъмолдан чиқиб кетди. Ўзбек тилининг ҳозирги ҳолати ҳам хавфдан холи эмас. Она тилимизнинг ҳозирги ҳолати фонетик, лексик, грамматик сатҳлар кесимида ёзма ва электрон манбаларда сақланиб қолмас экан, такрор-такрор қўлланиб, оммалаштирилмас экан, кўплаб сўзлар унутилиб кетиши ҳеч гап эмас. Шева сўзлари, иборалар, халқ тилидаги мақоллар корпусларда жамланмаса, мазкур луғавий бирликлар ҳам истеъмолдан чиқиши мумкин. Негаки, адабий тил, рус ва инглиз тилларидаги ахборот шевалардаги мулоқотга ҳам кириб бормоқда.
Илм-фан, замонавий технологиялар ва бизнес тили, асосан, инглиз ёки рус тилларида олиб борилиши бор гап. Қолаверса, инглиз ва рус тилларининг таълим корпуслари, ўқув таъминоти, тил ўқитиш дастурлари ва автоматик тил ўргатувчилари мавжудлиги боис ҳам мазкур тиллар дунёнинг энг чекка тил қатламларига ҳам кириб бормоқда. Инглиз ва рус тиллари терминологияси ўзбек тили луғат сатҳини бутунлай қамраб олмаслиги учун ўзбекча муқобил терминологик тизимни шакллантиришга зарурат бор. Қадимги даврдан шу кунгача бўлган илмий-адабий, тарихий ёзма манбаларни ўрганиб, ижтимоий соҳаларга доир терминларни аниқлаш, мувофиқларини рус-байналмилал ёки инглиз-байналмилал терминларга муқобил сифатида қўллаш лозим.
Интернет ва ахборот технологиялари терминлари тушунчаларнинг ўзи билан биргаликда ўзлашмоқда. Мазкур терминларга ўзбек тилининг ички имкониятлари асосида, аффиксация, семантик усул билан муқобил сўз ясаш энг тўғри йўлдир. Бу ўринда туркий тиллар тажрибасини ҳам ўрганиш зарурати бор. Туркий тилларда, айниқса, турк тилида кўпгина замонавий технологик терминология ўз қатлам сўзлари билан номланади.
Ўзбек тили миллатнинг мавжудлигини кўрсатадиган миллий қадрият сифатида алоҳида қийматга эга бўлиб, миллий тафаккур ва тажриба кўзгуси сифатида ҳам ўзига хос этник белгиларни акс эттиради. Ўзбек тили илм-фан соҳаларига доир барча фикрий маҳсулотларни тақдим этади, билимларнинг инсон тил хотирасида, ёзма манбаларда сақланишини таъминлайди. Миллий тилнинг нуфузи ва мавқеини ошириш нафақат мулоқот воситасининг, балки тафаккурни ифодалаш ва билимларни сақлаш, узатиш имкониятининг ҳам давомийлигини барқарорлаштириш демакдир.
Тилнинг тараққиётини белгилайдиган мезонлар даврлар оша ўзгариб бормоқда. Ўтган асрларда ёзма нутқ меъёрлаштирилган тилнинг, меъёрлаштирилган тил адабий тилнинг, адабий тил эса стандарт тилнинг асосини ташкил қилувчи мезон ҳисобланиб, тилларнинг ривожланиш даражасини белгилар эди. Бугунги кунда тилнинг тараққиёти унинг рақамли тилга айлангани, компьютер-технологик имкониятлари, шу тилда яратилган электрон ресурсларнинг ҳажми ва мазмуни билан белгиланмоқда. Электрон ресурси мавжуд бўлмаган тиллар ривожланмаган тиллар сифатида баҳоланмоқда.
Ўзбек тилини она тили ва хорижий тил сифатида ўқитиш жараёни ҳам тилни рақамлаштириш, электрон ресурслар ҳажмини ошириш, таълим корпусларини яратиш вазифасини қўймоқда. Ўзбек тилининг барча имкониятларини рақамлаштириш, шевалар корпусини яратиш, ўзбек тили, хусусан, омоним, синоним бирликлар асосида компьютер ўйинлари ишлаб чиқиш миллий тилни барқарорлаштириш билан бирга унинг глобал мақомини ҳам белгилаб беради. Таълим корпуслари, платформаларини, тезаурус кўринишларини, автоматик ўқитиш дастурларини яратиш ўзбек тилининг дунё миқёсидаги нуфузини ошириш омилларидир. Ўзбек тилини хорижий тил сифатида ўқитишда халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, таржима дастурлари, параллел корпусларни шакллантириш, компьютер лингводидактикасини такомиллаштириш муҳим вазифалардан ҳисобланади.
– Агар сизга она тилимиз луғатидан фақат битта сўзни бутунлай ўчириб ташлаш ва ўрнига ўзингиз жуда яхши кўрган, лекин одамлар деярли ишлатмай қўйган бир қадимий ёки чиройли сўзни муомалага қайтариш имкони берилса, қайси сўзларни танлаган бўлардингиз?
– Ўчириб ташлаш, истеъмолдан чиқариш лозим, деб билган сўзларим – булар қарғиш, ҳақорат, камситиш мазмунидаги бирликлар бўлар эди. Афсуски, бундай сўзлар тилимизда мавжуд. Бу ҳолат ўзбек тилининг ҳам бошқа тиллар каби табиийлигини асослайди. Борлиқ, коинот, табиат, ижтимоий ҳаёт, жамият оқ ва қора, эзгулик ва ёвузликдан иборат бўлгани каби тилда ҳам ижобий таъсир кўрсатувчи сўзлар билан бир қаторда салбий маъноли бирликлар ҳам мавжуд. Бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Тил ҳаётнинг ўзи каби ҳаққонийдир, унинг бор жиҳатини, яхши ва ёмон томонини бирдек акс эттиради. Қизиғи шундаки, тилда ижобий бўёқдор кўпгина сўзлар истеъмолдан чиқиб кетган. Салбий маънодаги сўзларнинг кўп қисми қўлланиб келмоқда. Сабаби шундаки, бундай сўзлар кўп бора такрорланади, оғиздан оғизга ўтиб келади. Ҳуқуқшуносларнинг, ҳуқуқшуносликлик терминларига оид изланиш олиб бораётган баъзи тадқиқотчиларнинг ҳақорат сўзлар луғатини яратиш устида иш олиб бораётганидан хавотирга тушаман. Луғат тузиш бундай сўзларнинг сақланиб қолиши ва қўлланишда давом этишига хизмат қилиб қолиши мумкин, деган хавотирдаман. Шунинг учун бундай сўзларнинг луғатини тузишни маъқулламайман. Ҳақорат маъносидаги сўзни нутқ оҳанги, тартиби, мақсадидан келиб чиқиб аниқлаш ҳам мумкин. Аксинча, қарғаш, сўкиниш мазмунидаги сўзларни тақиқлаш, ишлатмаслик ҳақидаги ҳуқуқий бандларни кучайтириш, такомиллаштириш лозим. Бундай ёндашув кўплаб низоларнинг, жиноятларнинг олдини олади. Бу борада ҳам аждодларимиз ибратига таянмоғимиз керак. Маҳмуд Кошғарий “Сув ичирмасга сут бер” деб, ёмонликка яхшилик билан муносабатда бўлишни тарғиб қилади. Шу ҳикматга амал қилган ҳолда, қўпол, дағал муомалага яхши сўзлар билан жавоб қайтариш ҳам ўзбек миллатининг хос белгиларидан ҳисобланади. Ёшларимизни шундай муомалага одатлантиришимиз зарур.
Тиклаш имкони берилганда коллега сўзи ўрнида “қўлдош”, компетенция ўрнида “уқув”, танқидий ёндашув ўрнида таҳлилий ёндашув бирликларини фаоллаштирар эдим. Маданий, миллий сўзлари билан бирга қўлланмаса, инсоннинг вафотини эслатувчи, “ундан қолган мол-мулк” маъносини ифодаловчи мерос бирлиги билан бир қаторда аждоддан авлодга ўтувчи яхши ва ёмон амаллар, хулқ-атвор, тафаккур мушоҳадаларини англатувчи, “Қутадғу билиг”даги хос сўзлардан бўлган қумару, самимийлик, чин дилдан кўрсатилган ҳурматни ифодаловчи юкунмоқ, доимий ҳаракатга ундовчи қутқу сўзларини оммалаштирган бўлар эдим.
– Тил ривожида, унинг тарғиботи, оммалашувида луғатларнинг ааҳамияти катта. Ҳозирги рақамли технологиялар асрида, одамлар маълумотни тезкорлик билан интернетдан қидираётган бир пайтда, катта ҳажмдаги босма ёки академик луғатларни яратишнинг асосий аҳамияти ва зарурати нимада деб ўйлайсиз?
– Китоблар, луғатларнинг босма кўринишларига интернет, ахборот технологиялари асрида ҳам, ҳар доимгидек, зарурат бор, деб ўйлайман. Ҳозирги кунда кўпгина замондошларимиз компьютерда ёзиб, дафтар, ручка ишлатмай қўйдилар. “Ручкани ушламаганимга бир йил бўлибди, аризани ёзиш учунгина ручкадан фойдаланяпман” дейди ўз-ўзидан ҳайратланган касбдошим. Ёзма матнларни компьютер орқали шакллантиряпмиз. Лекин қўлда ёзилган матн, кўчирилган маълумот хотирада нисбатан тез ва осон сақланади. Буни талабаларнинг ўзлари ҳам эътироф этишмоқда. Ёзиш табиий жараён бўлиб, қўлнинг мия билан алоқадорлигини асослайдиган фаолият ҳисобланади. Хориж тажрибасидаги бир қатор методлар ҳам қўлда ёзишни тарғиб қилади. Шунингдек, китоблар, луғатларнинг босма шакли табиий маҳсулот бўлиб, мутолаа қилганда, ундан фойдаланганда табиий восита сифатида қабул қилинади ва таъсир кучи ҳис этилади. Шу сабабли босма нашрлар ҳам керак. Шу билан бир қаторда китоблар, дарслик, монография, луғатларнинг босма нашри илмий асосланган, бир неча бор таҳрир қилинган, аниқ далилларга таянилган манбалар бўлиб, маълумотларни, сўзларни оммалаштиришга хизмат қилади. Ўзбек тилининг миллий корпуси, таълим корпуси, параллел корпуслар, тезауруслар учун асосий, ишончли манба вазифасини ҳам ўтайди. Босма нашрларнинг компьютер технологиялари билан интеграция қилинаётганлиги, уларга электрон очқичларнинг бириктирилаётгани бу борада анъанавийликдан замонавийликка ўтилаётганига далилдир.
Кутубхоналар дунё мўъжизаларидан биридир. Мирзо Улуғбек ҳам умрининг охирги лаҳзаларида китобларини, кутубхонасини асраб қолиш ҳақида қайғурган.
Ривожланган давлатлардаги кутубхоналар санъат даражасига кўтарилган. Кутубхоналар инсоният маданиятининг юксак чўққиси ҳисобланади. Бу маърифат масканлари ўтда ёнмаслиги, сувда чўкмаслиги керак. Кутубхона инсониятни эзгуликка чорлаб турувчи умумбашарий маскан. Маърифат маскани эса янги нашрлар билан тўлдирилиб, бойитиб борилиши керак. Китоб дунёни жаҳолатдан қутқаради.
– Самимий суҳбат учун ташаккур!
ЎзА мухбири Назокат Усмонова суҳбатлашди