Омонқўтонга “Туризм қишлоғи” мақоми берилди
Самарқанд вилояти Ургут туманидаги Тахтиқорача довони ўтган Омонқўтон қишлоғини билмайдиган, унинг гўзал табиати, мусаффо ҳавосидан баҳраманд бўлмаган киши бўлмаса керак. Тоғлар орасидаги, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғловчи бу маскан доимо маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар билан гавжум.
Қишлоқда 3 минг 500 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Ҳудуднинг жойлашуви ва имкониятидан келиб чиқиб туризм асосий драйвер сифатида белгиланган. Айни пайтда маҳаллада 40 дан ортиқ дам олиш маскани, мавсумий ҳордиқ чиқарадиган жойлар, 30 та хизмат кўрсатиш шохобчаси мавжуд. Бу йил яна 20 гектар майдонда йирик туризм лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 29 ноябрдаги “Самарқанд вилоятида инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорида вилоятнинг 9 туман ва шаҳридаги 14 та қишлоқ, маҳалла қаторида Омонқўтонга ҳам “туризм қишлоғи” мақомини бериш белгиланган эди.

Мазкур қарор асосида ҳудудда туризм қишлоғи мақомига эришиш учун зарур имконият ва шароитлар яратилди. Омонқўтонда туристик объектлар қуриш, инфратузилмани яхшилаш мақсадида махсус режа ишлаб чиқилди. Режага кўра, ҳудудда соғломлаштириш ва дам олиш масканлари, меҳмонхоналар, туристик объектлар ташкил этилди ва бу ишлар давом этмоқда. Куни кеча Омонқўтонга туризм қишлоғи мақоми беришга бағишланган тадбир ўтказилди.
Маросимда Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев, туризм қўмитаси масъуллари ҳамда қишлоқ аҳолиси иштирок этди. Вилоят раҳбари Омонқўтон маҳалласи Самарқанд вилоятидаги энг катта ва ташриф буюрувчилар сони кўплиги билан ажралиб турадиган ҳудуд эканлигини таъкидлади. Маҳаллага ёз мавсумида бир кунда 5-10 минг нафаргача дам олувчилар ва сайёҳлар келади. Ҳудуднинг баҳаво табиати, баланд тоғлари, сойидан оқувчи зилол суви кишини жалб қилади. Маҳаллага ташриф буюрувчилар учун бир қатор қулайликлар яратиш мақсадида инфратузилма яхшиланди. Ҳозирги кунда 50 дан ортиқ оилавий меҳмон уйи, капсулали жойлаштириш воситалари ва бошқа хизмат кўрсатиш шаҳобчалари фаолият юритиб келмоқда.
Меҳмонлар туризм қишлоғида янги имкониятлардан фойдаланишга қаратилган тақдимотлар билан танишди, маҳалла раисига Омонқўтонга туризм қишлоғи мақоми берилгани тўғрисидаги сертификат топширилди.
Ғ.Ҳасанов,
А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари