Оммавий спортни ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди
Спорт вазирлигида аҳолини оммавий спорт машғулотларига жалб қилиш тизимини кенгайтириш ва самарали ташкил этиш бўйича Ўзбекистон марказий штабининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.
Спорт вазири Адҳам Икромов бошчилигида ўтказилган йиғилишда республика, вилоят, туман ва шаҳар штаб аъзолари ҳамда оммавий спортни ривожлантиришга масъул вазирлик ва идоралар мутасаддилари иштирок этди.
Муҳокамалар жараёнида жорий йилнинг 7 апрель куни давлатимиз раҳбари ҳузурида спортга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳалла, мактаб, туман, вилоят ва мамлакат даражасида барча вазирлик, идора, ташкилотлар олдига қўйилган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил қилиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Шунингдек, тадбирда оммавий спортни ривожлантириш борасидаги ишлар ҳолати ҳамда бу борада жойлардаги тизим ташкилотлари раҳбарлари ва ходимларининг масъулияти, умумтаълим мактаб ўқувчиларидан қабул қилинаётган жисмоний тайёргарлик даражаси спорт синовлари, ҳудудларда “Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси”, “Президент олимпиадаси” мусобақаларининг ўтказилиши жараёнлари тўғрисида масъулларнинг ҳисоботлари тингланди.
Ушбу мусобақаларнинг "ERP sport" платформасида акс этиши ва бу борада юзага келаётган муаммолар ҳам атрофлича таҳлил қилиниб, масъулларга зарур кўрсатмалар берилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА