Оммавий диктант танлови ўтказилди
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни ва ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 37 йиллиги муносабати билан талаба-ёшлар ўртасида “Тил – миллат ғурури” мавзусида оммавий диктант танлови ташкил этилди.
Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти ҳамда ўзбек тили кафедраси томонидан “Янги Ўзбекистон ёшлари” шиори остида ўтказилган танловнинг асосий мақсади талаба-ёшларнинг давлат тилига бўлган ҳурматини ошириш, ўзбек тилининг бой имкониятларини кенг тарғиб қилиш, саводхонлик даражасини юксалтириш ва миллий қадриятларга садоқат туйғусини мустаҳкамлашдан иборат.

Оммавий диктант танловида институтнинг барча факультетларидан 300 нафардан ортиқ талаба-ёш иштирок этиб, давлат тили бўйича ўз билим ва кўникмаларини синовдан ўтказди.

Танлов якуни бўйича давлат тили меъёрларига жавоб берадиган энг яхши диктант ишлари аниқланиб, ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланади.
Ушбу ташаббус ёшлар ўртасида давлат тили бўйича саводхонлик ва имло маданиятини ошириш, ўзбек тилининг нуфузини янада юксалтиришда муҳим аҳамият касб этди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири