“Оммавий диктант” акцияси ўтказилди
Ёшлар орасида ёзма саводхонлик маданиятини кенг тарғиб қилиш, ўзбек тилига бўлган ҳурмат ва қизиқишни янада ошириш, унинг ижтимоий мавқеини мустаҳкамлаш мақсадида Гулистон давлат университети, Гулистон давлат педагогика институти ҳамда Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганлигининг 35 йиллиги муносабати билан “Оммавий диктант” акцияси ўтказилди.
–Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти, унинг 2024 йил II ярим йиллик иш режасида белгилаб қўйилган вазифалар ижроси доирасида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ташаббуси билан tilbilig.uz ўзбек тили таълимини такомиллаштиришга қаратилган замонавий платформа яратилди,–дейди Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг Сирдарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Ҳамид Ёдгоров.–Сиз исталган пайтда платформада рўйхатдан ўтишингиз ва диктант ёзиш орқали саводхонлигингизни текширишингиз мумкин. Сирдарёда талабалар ўртасида ўтказилган “Оммавий диктант” ёзиш акциясидан кўзланган мақсад миллат фарзандларининг ёзма саводхонлик даражасини, ўзбек адабий тили меъёрлари, ўзбек тилининг тузилиши бўйича амалий билимлари, кўникма ва маҳоратини тизимли ошириб бориш ҳамда ўзбек тилига нисбатан миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини шакллантиришдан иборат.
Ушбу ўтказилган акцияда мазкур университет, институт талабалари иштирок этиб, диктант ёзиш орқали ўз саводхонлигини синовдан ўтказди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири