Омбудсман: фуқаролар мурожаати доимо эътиборда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили томонидан 2026 йилнинг биринчи чораги давомида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш, уларда кўтарилган масалаларни ўрганиш, бузилган ҳуқуқларни тиклаш, шунингдек, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда ўтказилган мониторинг ташрифлари натижалари тўғрисида маълумот берилади.
– Ҳудудлар кесимида энг кўп мурожаатлар Нукус шаҳри, Амударё ва Беруний туманларидан келиб тушган. Энг кам мурожаатлар Шуманай ва Мўйноқ туманлари ҳиссасига тўғри келди. Келиб тушган мурожаатларда асосан меҳнат муносабатлари, иш ҳақи ва компенсация тўловларини ундириш, алимент тўловлари, ижтимоий ёрдам, нафақа ва нафақа таъминоти, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, уй-жой, ер, коммунал хизматлар, суд ҳужжатлари ижроси, тергов ва жазони ижро этиш муассасалари билан боғлиқ масалалар кўтарилди, – дейди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили Женисбай Шлимбетов.

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида ҳар ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари фуқароларнинг доимий қабули ташкил этилди. Шунингдек, аҳолига янада яқинлашиш, мурожаатларни жойида ўрганиш ва тезкор ҳал этиш мақсадида 3 та сайёр қабул ўтказилди. Бундан ташқари, фуқароларнинг мурожаатларида билдирилган ҳолатларни холис ва батафсил ўрганиш мақсадида 12 та мурожаат жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
Мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли ташкилот ва идораларга 2 та таъсир чораси кўринишидаги ҳужжатлар тайёрланиб, Омбудсман томонидан киритилди. Фуқароларнинг ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ мурожаатларини ўрганиш натижасида 1 нафар фуқарога 179 миллион сўм миқдорида етказилган зарарни 92 миллион сўмга камайтиришга эришилди, 1 нафар фуқаронинг 2 миллион сўмдан ортиқ маблағи унинг фойдасига қайтарилишида амалий ёрдам кўрсатилди.
Ҳисобот даврида Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили ва Омбудсман ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланаётган жойларга жами 16 маротаба мониторинг ташрифи амалга оширилди. Шундан бир марта тергов ҳибсхонасига, икки марта вақтинча сақлаш ҳибсхоналарига, икки марта манзил-колониясига, бир марта маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхонага, тўққиз марта психиатрия, наркология, “Саховат" ва "Мурувват" муассасалари ҳамда бошқа ёпиқ муассасаларга тўғри келди. Мониторинг ташрифлари давомида 50 дан ортиқ ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар билан жамоавий, 20 нафар шахс билан якка тартибда суҳбат ўтказилди.

Мониторинг давомида ушбу муассасаларда сақланаётган шахсларнинг яшаш шароитлари, овқатланиши, тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятлари, меҳнатга жалб этилиши, санитария-гигиена талабларига риоя этилиши, маънавий-маърифий ишлар ҳолати, мурожаат қилиш имкониятлари ҳамда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқларига риоя этилиши ўрганилди.
Масалан, 27-сонли Манзил-колониясида жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг мурожаати асосида қўлланилган интизомий чоралар муддатидан олдин олиб ташланиши таъминланди. Шунингдек, 2-сонли Тергов ҳибсхонасида хўжалик ишларига жалб қилинган маҳбусларнинг мурожаати бўйича ушбу ҳибсхонада узоқ муддатли учрашув хоналари ташкил этилди. Бундан ташқари, 27-сонли Манзил-колониясида ҳам жазо муддатини ўтаётганлар ва 2-сонли Тергов ҳибсхонасида сақланаётган шахсларнинг мурожаатлари асосида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.
Маҳкум ва маҳбуслардан келиб тушган мурожаатлар тегишли идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда кўриб чиқилиши натижасида 4 нафар жазо муддатини ўтаётган шахс алоҳида тиббий кўрикдан ўтказилди. Улардан бири даволаниш учун тиббиёт муассасасига жойлаштирилди.
2026 йилнинг 1-чорагида Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили томонидан фуқаролар мурожаатларида кўтарилган масалалар асосида ҳуқуқий хабардорликни оширишга қаратилган тадбирлар ташкил этилди. Хусусан, "Омбудсман мактаби" платформаси доирасида ҳудуднинг Тахиатош туманида ва Қорақалпоғистон Республикаси юридик техникумида очиқ мулоқотлар ўтказилиб, уларда 200 нафарга яқин фуқаро ва ёшлар қамраб олинди.

Ушбу тадбирларда аҳоли мурожаатларида кўтарилаётган масалалар - бандлик ва меҳнат муносабатлари, ижтимоий ҳимоя, нафақа ва алимент, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, мурожаат қилиш тартиби каби масалалар тушунтирилди.
Бундан ташқари, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлар ходимлари ўртасида "Қийноққа мутлақо йўл қўймаслик" тамойилларини тарғиб қилиш мақсадида 27-сонли Манзил-колония ва 2-сонли Тергов ҳибсхонасида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди.
Шу билан бирга, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлардаги шахслар(маҳбуслар)нинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаати соҳасидаги билим ва хабардорлигини ошириш мақсадида 27-сонли Манзил-колонияда "Омбудсман мактаби" лойиҳаси доирасида тарғибот тадбирлари ўтказилди. Шунингдек, бандлик масаласи долзарб бўлган ҳудудларда 1 та меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Ярмаркада 37 та ташкилот томонидан 157 та бўш иш ўрни таклиф этилиб, 15 нафар фуқарога ишга жойлашиш учун йўлланма берилди. Ёшларнинг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш мақсадида "Омбудсман соати" платформаси доирасида ҳудудлардаги 4 та умумий ўрта таълим мактабида дарслар ташкил этилди.
Умуман, ушбу платформалар орқали ҳудудий вакилнинг фаолияти фақат мурожаатларни кўриб чиқиш билан чекланиб қолмасдан, аҳолига ҳуқуқий тушунтириш бериш, муаммоларни жойида ҳал этиш ва эҳтиёжманд қатламларга манзилли ёрдам кўрсатишга қаратилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири