Олтиариқда 44 нафар хотин-қиз ишли бўлди
Олтиариқ туманидаги “Hamza expo art tekstil” МЧЖ пахта-тўқимачилик кластерида бугунги кунда 900 га яқин ишчи-ходим меҳнат қилиб келмоқда.
Ҳозирда тумандаги 200 га яқин фермер хўжаликлари билан пахта хом-ашёсини харид қилиш бўйича яқин ҳамкорликни йўлга қўйган мазкур корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар маҳаллий ички бозорлардан ташқари, бир қатор хорижий давлатларга, жумладан, Россия ва Польшага экспорт қилинмоқда.
Корхона йиллик 4 минг тонна калава ип, 2 минг тонна мато ишлаб чиқариш ҳамда 5 миллион дона тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватига эга.

Корхона раҳбари ва ишчи-ходимлар янги лойиҳалар устида ишлаш, янги технологиялардан кенг фойдаланиш устида бош қотиришдан чарчамайди. Шундан бўлса керак, корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳажми ва сифатини ошириш, янги иш ўринлари яратиш орқали аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида бир қатор янги лойиҳалар амалиётга жорий этилмоқда.

Хусусан, лойиҳа қиймати қарийб 40 миллиард сўм бўлган пахтани қайта ишлаш ва тозалаш лойиҳаси жорий йил сентябрь ойида ишга туширилиб, 118 нафар янги иш ўринлари яратилди. Бундан ташқари, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 5 минг 400 тонна, қиймати 110 миллиард сўм бўлган олий тоифадаги халқа иплари ишлаб чиқариш лойиҳаси яқин кунларда ишга туширилиш арафасида. Лойиҳа ишга тушгач, яна 350 та янги иш ўрни яратилади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят кенгаши мазкур корхона билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

– Шунга кўра, Юртбошимизнинг Фарғона вилоятини “Хотин-қизлар ўртасида ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш” таклифидан келиб чиқиб, Олтиариқ тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида ишсиз хотин-қизлар, фаол тадбиркорлар ва иш берувчиларнинг мулоқот учрашуви ташкил этилди, – деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Шоҳсултон Тўхтаматов. – 150 нафарга яқин ишсиз хотин-қизлар иштирок этган тадбирда корхона маъмурияти томонидан иштирокчиларга ишлаб чиқариш жараёнидан тортиб, ишчи-ходимларга яратилган шароитларгача маълумотлар берилди. Натижада, шу куни 44 нафар опа-сингилларимиз шу ерда ишлаш истаги борлигини билдирди. Улар билан шу куннинг ўзидаёқ меҳнат шартномалари тузилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА