Олти ойда қурилиш ишлари ҳажми 192 триллиондан ошди
Қурилиш соҳаси мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсишини таъминловчи муҳим тармоқлардан бири бўлиб қолмоқда. Кейинги йилларда инфратузилмани модернизация қилиш, янги турар-жойлар, ижтимоий объектлар ва саноат мажмуаларини барпо этишга қаратилган кенг кўламли ишлар соҳада юқори ўсиш суръатларини таъминламоқда. Бу эса аҳоли турмуш сифати яхшиланиши, инвестиция муҳити жозибадорлигининг ошиши ҳамда янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилмоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–июнь ойларида мамлакатда бажарилган қурилиш ишлари ҳажми 192 триллион 8,1 миллиард сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13,8 фоизга ўсди. Ҳисобот даврида ҳудудларда қурилиш фаоллиги кенгайиб, хусусий секторнинг иштироки янада ортди ҳамда йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши давом этди.
Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Навоий вилоятлари энг юқори ўсишни қайд этди.
Сўнгги беш йиллик динамика таҳлил қилинганда, қурилиш тармоғида изчил ривожланиш кузатилмоқда. 2022 йилнинг биринчи ярмида соҳада 59,7 триллион сўмлик ишлар бажарилган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич уч баробардан ортиққа ошган. Бу мамлакатда шаҳарсозлик, уй-жой қурилиши, транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича кенг кўламли дастурлар изчил амалга оширилаётганидан далолат беради.
Ҳудудлар кесимида қурилиш ишларининг энг катта ҳажми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келди. Пойтахтда олти ой давомида 61,2 триллион сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилди. Кейинги ўринларда Тошкент вилояти (18,8 трлн сўм) ва Фарғона вилояти (12,1 трлн сўм) жойлашди. Бироқ ўсиш суръати бўйича мутлақ етакчиликни Қорақалпоғистон Республикаси эгаллади. Бу ҳудудда қурилиш ишлари 42,9 фоизга ошиб, ўсиш суръати 142,9 фоизни ташкил этди.
Шунингдек, Самарқанд вилояти 137,7 фоиз, Навоий вилояти 128,3 фоиз, Хоразм вилояти 123,3 фоиз, Фарғона вилояти 122,7 фоиз, Жиззах вилояти 119,9 фоиз, Андижон ва Сурхондарё вилоятлари 119,7 фоиз, Қашқадарё вилояти эса 119,4 фоиз ўсишни қайд этди. Бу рақамлар ҳудудларда инвестиция лойиҳалари, янги саноат корхоналари, ижтимоий объектлар ва замонавий турар-жой массивлари қурилиши фаоллашаётганини кўрсатади.
Иқтисодий фаолият турлари бўйича таҳлилга кўра, қурилиш ишларининг асосий қисми анъанавий равишда бино ва иншоотлар қурилиши ҳиссасига тўғри келди. Ярим йилликда, 132,6 триллион сўмлик бино ва иншоотлар қурилди. 37,8 триллион сўмлик фуқаролик объектлари барпо этилди. 21,6 триллион сўмлик ихтисослаштирилган қурилиш ишлари бажарилди. Айниқса, ихтисослаштирилган қурилиш ишлари 39,5 фоизга ўсгани соҳада замонавий технологиялар, муҳандислик тармоқлари, реконструкция ва махсус монтаж ишларига талаб ортиб бораётганини англатади.

Таҳлиллар қурилиш соҳасида хусусий тадбиркорликнинг роли тобора кучайиб бораётганини кўрсатади. Январь–июнь ойларида кичик корхона ва микрофирмалар 105,7 триллион сўмлик қурилиш ишларини бажариб, умумий ҳажмнинг 55 фоизини таъминлади. Йирик қурилиш ташкилотлари 48,1 триллион сўмлик ишлар билан 25,1 фоиз улушга эга бўлди.
Норасмий сектор эса 38,2 триллион сўмлик ишлар бажариб, 19,9 фоизни ташкил қилди. Бу рақамлар қурилиш соҳасида рақобат муҳити кенгайиб, хусусий секторнинг иқтисодиётдаги ўрни мустаҳкамланаётганини кўрсатади.
Йирик қурилиш ташкилотлари томонидан бажарилган ишлар ҳажми бўйича Тошкент шаҳри 42,9 триллион сўм, Тошкент вилояти – 10,3 триллион сўм, Фарғона вилояти – 7,1 триллион сўм билан етакчилик қилди.
Бу ҳудудларда йирик саноат мажмуалари, логистика марказлари, кўп қаватли уй-жойлар, транспорт инфратузилмаси ҳамда давлат инвестиция дастурлари доирасидаги объектлар қурилиши жадал давом этаётгани билан изоҳланади. Мулкчилик шакли бўйича таҳлил ҳам диққатга сазовор. 2026 йилнинг биринчи ярмида қурилиш ишларининг 97,6 фоизи нодавлат сектор, 2,4 фоизи давлат ташкилотлари ҳиссасига тўғри келди.
Бу хусусий капиталнинг қурилиш соҳасида ҳал қилувчи кучга айланганини, инвесторлар учун яратилаётган қулай муҳит ўз самарасини бераётганини кўрсатади. Қурилиш тармоғида қайд этилаётган юқори ўсиш мамлакат иқтисодиётининг бошқа соҳаларига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Янги қурилиш объектлари цемент, металл, қурилиш материаллари, транспорт, логистика ва хизмат кўрсатиш тармоқларига талабни ошириб, минглаб янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, соҳада ихтисослаштирилган қурилиш ишларининг жадал ўсиши қурилиш маданияти янги босқичга кўтарилаётганини кўрсатади. Замонавий муҳандислик ечимлари, энергия тежовчи технологиялар ва рақамли лойиҳалаш усуллари тобора кенг қўлланилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА