Олийгоҳга ҳужжат топширишдан олдин нималарни билиш керак?
2026/2027-ўқув йили учун олий ва касбий таълим муассасаларига қабул жараёнлари давом этмоқда. Ҳужжат топшириш, тест синовларида иштирок этиш, сертификатларни ҳисобга олиш ва таълим йўналишларини танлаш билан боғлиқ саволлар кўпчилик абитуриентларни қизиқтирмоқда.
Мазкур масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Сирдарё вилояти бўлими бош мутахассиси Жамшид Мамаражабов билан суҳбатлашдик.

— Айтингчи, абитуриентлар олий ва касбий таълим муассасаларига ҳужжатни қаерда топширади?
— Абитуриентлар my.uzbmb.uz платформаси орқали онлайн рўйхатдан ўтади. Бунинг учун шахсий кабинет яратилиб, зарур маълумотлар киритилади. Ҳужжат топшириш муддати давомида маълумотларни таҳрирлаш имконияти мавжуд.
— Рўйхатдан ўтиш учун қандай ҳужжатлар талаб этилади?
— Асосан паспорт ёки ID-карта маълумотлари талаб қилинади. Имтиёзлар ёки сертификатларга оид маълумотлар эса тегишли ахборот тизимлари орқали автоматик равишда текширилади.
— Тест синовлари учун тўлов қачон амалга оширилади?
— Белгиланган тўлов ҳужжат топшириш жараёнида амалга оширилади. Тўлов тасдиқлангач, ариза якуний ҳолатга келтирилади. Қонунчиликка мувофиқ айрим тоифадаги фуқаролар тест синови учун тўловдан озод этилган.
— Телефон рақами бошқа шахс номида бўлса, рўйхатдан ўтиш мумкинми?
— Ҳа, мумкин. Муҳими, телефон рақами фаол бўлиши ва SMS орқали юбориладиган тасдиқлаш кодини қабул қила олиши керак. Бироқ имконият бўлса, ўз номидаги рақамдан фойдаланиш тавсия этилади.
— Фанлар мажмуаси нотўғри танланган бўлса, уни ўзгартириш мумкинми?
— Ҳа. Ҳужжат топшириш муддати якунлангунга қадар фанлар мажмуасини ўзгартириш мумкин. Муддат тугагач эса бу имконият чекланади.
— Ариза қабул қилинганини қандай билиш мумкин?
— Бу ҳақдаги маълумот шахсий кабинетда акс этади. Шунингдек, ариза ҳолатини онлайн кузатиб бориш имконияти мавжуд.
— Тест синовлари ўтказиладиган ҳудудни танлаш мумкинми?
— Ҳа. Абитуриент тест синовларини топшириш ҳудудини мустақил танлайди.
— Жорий йил битирувчилари аттестат маълумотларини киритадими?
— Йўқ. Жорий йил битирувчиларининг маълумотлари давлат ахборот тизимларидан автоматик олинади.
— Рўйхатдан ўтиш муддати тугагандан кейин ҳужжат топшириш мумкинми?
— Йўқ. Белгиланган муддат якунлангач, тизим автоматик равишда ёпилади.
— Чет тили сертификати шахсий кабинетда кўринмаса нима қилиш керак?
— Аввало маълумотларни текшириш лозим. Муаммо бартараф этилмаса, Агентликнинг ҳудудий бўлимлари ёки Call-марказига мурожаат қилиш керак.
— Бир вақтнинг ўзида нечта таълим йўналишини танлаш мумкин?
— Абитуриентлар бештагача бакалавриат таълим йўналишини танлаш ҳуқуқига эга. Бу жараён қабулнинг иккинчи босқичида амалга оширилади.
— Энг кўп учрайдиган хатолар нималардан иборат?
— Фанлар мажмуасини нотўғри танлаш, телефон рақамини хато киритиш, сертификат маълумотларини нотўғри кўрсатиш ҳамда ҳужжат топширишни сўнгги кунларга қолдириш каби ҳолатлар кўп учрайди. Шунинг учун ҳар бир маълумотни синчиклаб текшириш зарур.
— Суҳбат якунида қандай тилак билдирасиз?
— Барча абитуриентларга тест синовларида омад ва юқори натижалар тилайман. Улар орзу қилган олий таълим муассасаси талабаси бўлиб, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган етук мутахассислар бўлиб етишсин.
Суҳбатни ЎзА мухбири Ғулом Примов олиб борди.