Олий суд пленуми мажлиси очиқлик тамойили асосида ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Олий суд судьялари, сенаторлар, депутатлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилган мажлис илк бор Интерактив хизматлар портали орқали жонли эфирда намойиш этилди. Бу суд тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган навбатдаги амалий қадам бўлди.
Мажлисга раислик қилган Олий суд раиси Робахон Маҳмудова суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида одил судлов жараёнлари изчил рақамлаштирилаётгани, суд фаолиятининг очиқлиги ва жамоатчилик назорати тобора кучайиб бораётганини таъкидлади.
– Президентимиз айтганидек, одамлар судга охирги умид сифатида келади. Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Янги Ўзбекистонда адолат қарор топганига ишонч ҳосил қилиши лозим. Бунинг учун суд амалиётини тўғри йўлга қўйиш, қонуний, адолатли ва асосланган қарорлар қабул қилиниши таъминланиши зарур, – деди Р.Маҳмудова.
Мажлисда Олий суд пленумининг учта қарори лойиҳаси муҳокама қилинди. Кун тартибидаги масалалар юзасидан маърузалар тингланиб, мутахассислар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Кенг муҳокамалардан сўнг тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳокама қилинган асосий ҳужжатлардан бири – “Судлар томонидан фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш амалиёти тўғрисида”ги пленум қарори бўлди.
Таъкидланганидек, Конституцияга мувофиқ инсон ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланади ҳамда ҳеч ким суд қарорисиз ушбу ҳуқуқлардан маҳрум қилиниши ёки чекланиши мумкин эмас. Айниқса, руҳий ҳолати сабабли ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда мазкур конституциявий кафолатлар алоҳида аҳамият касб этади.
Қарорда мазкур тоифадаги ишлар бўйича ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида судга мурожаат қилиш тартиби, муомала лаёқатини чеклаш асослари, вояга етмаганларнинг муомала лаёқати, шахснинг шикоят қилиш ҳуқуқи, прокурор ҳамда васийлик ва ҳомийлик органларининг иштироки каби муҳим масалаларга аниқ ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Кун тартибидаги иккинчи масала – “Фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судлар томонидан даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўришнинг айрим масалалари тўғрисида”ги пленум қарорига бағишланди.
Муҳокамада суд қарорининг нафақат қонуний ва адолатли бўлиши, балки унинг ижроси ҳам самарали таъминланиши одил судловнинг муҳим шарти экани қайд этилди. Шунингдек, суд ҳужжати қабул қилингунига қадар жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилишининг олдини олиш муҳим вазифа экани таъкидланди.
Шу нуқтаи назардан, даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) институти ҳуқуқлар ва қонуний манфаатларни ишончли ҳимоя қилиш, суд ҳужжатларининг ўз вақтида ва самарали ижросини таъминлашга хизмат қилувчи муҳим процессуал механизм сифатида эътироф этилди.
Пленум қарорига кўра, жавобгар мол-мулкни яшириш, бошқа шахсларга ўтказиш ёки бошқача тарзда тасарруф этиш хавфи мавжуд бўлган ҳолларда даъвони таъминлаш чоралари қўлланилиши мумкин. Маъмурий судловда эса бундай чоралар суд қарори қабул қилингунига қадар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Қарорда процессуал қонунчилик асосида даъвони таъминлаш чоралари суд ишларини юритишнинг исталган босқичида қўлланилиши мумкинлигига аниқлик киритилди. Шунингдек, иш юритиш тўхтатилган даврда ҳам белгиланган тартиб ва муддатларда ариза (илтимоснома) тарафларни хабардор қилмасдан кўриб чиқилиши мумкинлиги тушунтирилди.
[gallery-30234]
Бундан ташқари, соддалаштирилган тартибда кўрилаётган ишлар бўйича ҳам даъвони таъминлаш чораларини қўллаш мумкинлиги алоҳида қайд этилди.
Мажлисда, шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленуми ва Олий хўжалик суди пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарор ҳам қабул қилинди. Унда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатдан фойдаланиш, болалар тарбиясига оид низолар, кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид суд амалиётини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартишлар назарда тутилган.
Қабул қилинган пленум қарорлари судлар томонидан қонун нормаларининг бир хил талқин қилиниши, ягона суд амалиётини шакллантириш ҳамда қонуний ва адолатли қарорлар қабул қилинишини таъминлашга хизмат қилади.
Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА