Олис қишлоқдаги мактабларда ўқитувчилар етарлими?
Бухоро вилоятининг чекка ҳудудларидаги умумтаълим мактабларида педагог кадрлар танқислиги муаммоси мавжуд.
Аниқ мисолларга таяниб айтадиган бўлсак, Ромитан туманидаги 38-, 39-умумий ўрта таълим мактабларида инглиз тили, рус тили фанлари, Пешку туманидаги 25-умумий ўрта таълим мактабида инглиз тили, Шофиркон туманидаги 39-умумий ўрта таълим мактабида инглиз тили, тарих, Ғиждувон туманидаги 38-умумий ўрта таълим мактабида кимё-биология фани педагог кадрларига эҳтиёж бор.
Мавжуд эҳтиёжларни қоплаш, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган фарзандларимизнинг ҳам сифатли таълим олиши, жамиятда ўз ўрнига эга инсон бўлиши учун мустаҳкам замин яратишда бизга ташаббускор ва фидойи ўқитувчиларнинг кўмаги керак. Вилоят халқ таълими бошқармаси ана шундай эзгу йўлда фидойилик кўрсатиш истагида бўлган кўнгилли устозларни ҳамкорликка чорламоқда.
–Бугун мамлакатимизда ёш авлоднинг ҳар томонлама чуқур билим олиши учун барча имкониятлар яратилган, – дейди Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси кадрлар бўлими бошлиғи Шоҳида Баротова. – Олис ҳудудларда яшовчи фарзандларимиз ҳам бу ғамхўрлик ва эътибордан четда қолмаяпти. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 11 январдаги “Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ҳам халқ таълими тизими ходимларига ўзгача шижоат бағишлади. Айтиш жоизки, мазкур қарорнинг қабул қилиниши анчадан буён тизим ходимларини қийнаб келаётган кадрларга бўлган эҳтиёж ва таълим сифати паст бўлган чекка ҳудудлардаги мактабларни малакали педагоглар билан таъминлаш муаммоларини бартараф этишда муҳим ечим бўлди.

Қарорга мувофиқ, олис ва чекка ҳудудлардаги бюджет ташкилотларида бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган олий маълумотли мутахассислар меҳнатини янада рағбатлантириш, бўш иш ўринларини тўлдириш ҳамда жойларда малакали кадрларнинг меҳнат фаолияти ва ижтимоий ҳимояси учун муносиб шароит яратиш мақсадида 2021 йил 1 январдан олис ва чекка ҳудудларда қуйидаги имтиёзлар берилди. Бюджет ташкилотларига ишга қабул қилинган олий маълумотли мутахассисларга БҲМ нинг 50 баравари миқдорида бир марталик бошланғич ёрдам пули ва уй-жойларни ижарага олганлик учун БҲМнинг 2 баравари миқдорида ҳар ойлик пул компенцасия тўланади. Яъни, агар ўқитувчи бир вилоят ҳудудида тумандан бошқа туманга бориб дарс берса 50 фоизгача, вилоятдан вилоятга бориб дарс берадиган бўлса, 100 фоизгача устама ҳақ тўланиши белгиланди.
Зариф Комилов, ЎзА