Олима аёллар олдида турган муаммо нимада?
Бугун юртимизда 500 га яқин фан докторлари, 5000 дан ошиқ Фалсафа доктори илмий даражаси (Phd) учун изланишлар олиб бораётган олима аёллар бор.
Аммо кўпчилигимиз уларнинг ихтиролари, ютуқлари, муаммоларидан бехабармиз. Ҳақиқатан ҳам олима аёллар бугун қандай изланишлар олиб боряпти?
Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг “Аудиовизуал технологиялари” кафедраси профессори, Техника фанлари доктори (DSc), “Шуҳрат” медали соҳибаси Саида Бекназарова билан қилган суҳбатимиз айни шу мавзуда давом этади.
— Саидахон, шахсан сиз бугунги кунда қандай илмий ишлар, қанақа янгиликлар олиб боряпсиз?
— Ҳозирда магистлар учун видеоларни қайта ишлаш, мультперсонажларни яратиш технологиялари, уларни математик асослари бўйича дарс беряпман. Шу билан бирга, илмий изланишларга ҳам қўл урганмиз. Уч нафар докторантим ва 5 нафар магистрларим бор. Ҳаммамиз дастурларни қайта ишлаш, бошқариш бўйича изланиш олиб боряпмиз. Охирги йилларда Инновация вазирлиги билан бир нечта танловларда қатнашиб, грантлар ютиб олганмиз.

Турли ОТМ ҳамда соҳа корхоналари, ижтимоий, тиббиёт, ишлаб чиқариш соҳалари ходимлари билан ҳам ҳамкорлик қилиб келяпмиз. Мисол учун оилаларга сифатли ва тезкор ижтимоий хизматлар кўрсатиш учун мобиль илова яратиш, экстремал вазиятга тушган одамларда ижтимоий-тиббий-психологик иммунитетни шакллантиришнинг инновацион технологиялари ва ахборот платформасини яратиш, сурункали юрак етишмовчилиги билан хасталанган беморларда буйрак дисфункциясини эрта аниқлаш ва прогнозлаш учун рақамли дастурий маҳсулот ва мобил илова яратиш олдимиздан турган вазифадир.
Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш, уларнинг хотирасини абадийлаштириш ва ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ғояларининг таълим ва тарбиядаги аҳамияти ёритилган электрон платформа ва мультимедияли комплексини яратиш лойиҳаларини бирга бажарганмиз.
— Лойиҳаларни амалга татбиқ этишда ким моддий кўмак беради?
– Асосан Инновация вазирлиги лойиҳаларимизга ҳомийлик қилади. Вазирлик томонидан ажратилган грант маблағларни ютиб олгач, лойиҳаларимизни шу асосда амалга татбиқ этамиз.
— Изланишлар ичида энг долзарб ҳисобланган лойиҳалар қайси?
— Ҳар бир изланишларимизнинг ўзига яраша илмий ва амалий аҳамияти бор. Мисол учун, тиббиёт соҳасида бизнинг ҳамкасбларимиз нефрология, яъни буйрак касалликлари бўйича изланишлар олиб боришяпти.
Шифохоналарда қўлланиладиган мобил илова яратганмиз, бунда сурункали юрак етишмовчилигининг клиник мезонларини аниқлаш, касалланган беморларда буйраклар функционал ҳолати бузилишининг пайдо бўлиш хавфи, оғирлиги, характерининг эҳтимолий прогнозини кўрсатувчи мезонларни аниқлаш, юрак етишмовчилиги фонида буйраклар функционал ҳолатининг бузилиши билан кечувчи ҳолатларда беморларнинг ҳаёт сифатини ва прогнозини яхшилашга ёрдам беради.
Шунингдек, оилаларга ижтимоий кўмак берувчи мобил илова яратдик, унда оилалар ва аҳолининг бошқа гуруҳларини масофадан ижтимоий қўллаб-қувватлаш; ижтимоий иш соҳаси битирувчилари ва мутахассисларнинг амалий кўникмалари ва билимларини ошириш; ижтимоий кўмак ва ёрдам кўрсатадиган амалий мутахассисларнинг ягона онлайн маълумотлар базасини яратиш; оилавий муаммоларнинг олдини олиш, шунингдек, оилалар учун индивидуал реабилитация дастурини амалга оширишда ёрдам бериш; ижтимоий хизматлар соҳасидаги имкониятлари тўғрисида маълумот бериш орқали аҳолининг ахборот саводхонлиги, ҳуқуқий саводхонлиги, ижтимоий-маданий билимлари даражасини ошириш каби масалалар ўз ичига қамраб олинган.
Яна экстремал вазиятга тушган одамларда ижтимоий-тиббий-психологик иммунитетни шакллантиришнинг инновацион технологиялари ва мобил ахборот платформаси яратилган.
— Европа илмий-ишлаб чиқариш концорциумининг унвонлар ва тақдирлаш департаменти ҳулосасига биноан “Исаак Ньютон” («Isaac Newton») медали билан тақдирлангансиз? Бу айнан қайси илмий изланишларингиз учун берилган?
— Илмий тадқиқод ишларда фаоллик, чиқарилган мақолалар, дарсликлар, монографиялар, тақдим этилган лойиҳалар учун.
— Кўпроқ қайси хорижий давлатлар билан ҳамкорлик қиласиз?
— Корея, Сингапур ва Малайзия давлати билан биргаликда изланишлар олиб боряпмиз. Ҳар доим конференция, симпозиумлар ўтказамиз, фикрлар алмашамиз. Университетда ишлаш билан бирга жамоатчилик ишларида ҳам фаолман. Ихтирочи аёллар ассоциациясида ҳам фаолият юритаман. Ишлаб чиқариш, тиббиёт соҳасида, технологиялар соҳаси бўйича ўзларини ишланмаларини олиб боришади. Фақатгина охирги 2-3 йил ичида пандемия сабабли хорижга чиқолмай қолдик. Насиб бўлса бу йилдан яна ҳамкорлигимизни йўлга қўямиз. Бундан ташқари, Польша, Варшавада бўлиб ўтган иккинчи Европа аёллар конференциясида иштирок этганман. Анжуман хотин-қизларнинг ахборот-коммуникация технологиялари ва катта муҳандислик соҳасидаги салоҳиятини намойиш этишга қаратилган бўлиб, тадбирда дунёнинг технологик ва ижтимоий келажаги ва аёлларнинг ушбу соҳаларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси ҳақида мунозаралар бўлиб ўтган. Анжунманда Google, АББ, Facebook, Ericsson, McKinsey & Company, Tomtom, Intel, 3м, Делл ва бошқа таниқли халқаро компанияларнинг вакиллари билан муҳокамалар, учрашувлар ва тақдимотларда қатнашдим. Бундан ташқари, IT-мутахассислари менежмент, бизнесни ривожлантириш, банк тизими ва хотин-қизлар ҳуқуқлари бўйича семинарларда иштирок этдим.
— Энг охирги йилларда бир-бирига ўхшаш бўлмаган ихтирони қайси аёл яратди?
— Ҳар бир ихтиронинг ўзини хусусияти бор. Изланувчан, янгилик яратаётган аёлларимиз сони жуда кўп. Улардан энг ижтимоий ҳаёт учун долзарб аҳамиятга эга ихтироларни санаб ўтадиган бўлсам Фароғат Матёқубовани номини тилга олишим мумкин. Фароғат опа чарм маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича янги технология яратди. Ундан ташқари Айти йўналиши бўйича дастурий таъминотлар яратилди. Яратилаётган ҳар бир янги технология ҳаётимизни енгиллатишга ҳисса қўшади. Масалан: охирги ишланмалардан бири Фанлар академиясининг доктарантлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон флорасида учрайдиган 34 лола турлари ҳақида батафсил маълумотларни қамраб олган мобил илова тайёрладик. Бунда, ҳар бир лола тури учун унинг илмий номи, илк тавсифи, номенклатуравий типи, ташқи морфологик тавсифи, гуллаш ва мевалаш даври, экологияси, умумий тарқалиши, Ўзбекистон ботаник-географик раёнлари бўйлаб тарқалиши ва ГАТ харитаси, рақамли тасвири, камёблик мақоми, этимологияси ва зарур ҳолатларда қисқача изоҳи келтирилган. Илова келажакда илмий нуқтаи назардан лолалар устида олиб бориладиган маҳаллий ва халқаро тадқиқотлар учун фойдали манба бўлиб хизмат қилади. Қолаверса, мазкур илова ўсимликсевар сайёҳларга Ўзбекистон лолалари тўғрисида батафсил маълумотлар манбаи бўлиб, республикамизда ички ва ташқи туризмни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшади. Шунингдек, Ўзбекистон аҳолисининг ҳам лолалар тўғрисида билимининг ортиши ва уларнинг муҳофазаси нақадар зарурлигини англаш учун хизмат қилади. Ушбу илова Ўзбекистонда тарқалган лолалар бўйича яратилган дастлабки электрон маҳсулот бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти "Ўзбекистон флорасининг полиморф ўсимликлар оилаларини таксономик таҳлили" (ФЗ-20200929321) давлат илмий-тадқиқот лойиҳаси ва 2021-2025 йилларга мўлжалланган "Ўзбекистон флорасини тўр тизимли хариталаш" Давлат дастурлари доирасида яратилган.

— Айнан ҳозир ўзингиз қандай ишлар билан бандсиз?
— Ўзим ҳозир кўпроқ шогирдларим билан ишлаяпман. Уларнинг изланишлари турли танловларда яхши ўринларни оляпди. Илмий мақолалари хориж журналларида чоп этиляпди. 4 нафар иқтидорли талаба “Беруний” номидаги,12 нафари “Муҳаммад Ал-Хоразмий” номидаги Давлат стипендиялар, 7 нафари “Ўзбекистон республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги” стипендияси совриндорлари бўлишди.
3 амалий лойиҳа раҳбари ва 13 амалий, инновацион лойиҳалар иштирокчисиман.
ЮНЕСКО ташкилотининг дастурий бўлинмасига қарашли, Жаҳон фанлар академияси (TWAS) қошидаги дунёни ривожлантиришга қаратилган “Фандаги аёллар халқаро ташкилоти” (OWSD) аъзоси. Ўзбекистон “Олима” хотин -қизлар уюшмаси қошидаги “Ёш олималар академияси” раиси, “Ихтирочи аёллар” ННТ қошидаги “Дастурчи қизлар” харакатининг раҳбариман.
Кореяда ўзимни ишланмам бўйича биринчи ўринни олдим. Медиа-мутахассислар, медиа-таълим ва медиа саводхонликнинг асосий асосларини билиш ва тушунчаларини шакллантиришни таъминлайдиган мобил илова тақдим этилиб, ушбу мобил илова ёрдамида фойдаланувчилар ОАВ бўйича бирламчи маълумотлар ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш кўникмаларига эга бўладилар, медиа матнларни танқидий идрок этишни ўрганадилар. Малайзияда ўтказилган конференцияда менинг мақолам “Энг яхши мақола” номинацияга эга бўлди. Мақола мавзуси “Filtering of digital images by the convolution method with a pulse characteristic in the spectral region” (Рақамли тасвирларни конволюция усули билан спектрал соҳада импулс характеристикаси билан филтрлаш), унда телевизион тасвирларнинг сифат даражасини ошириш, филтрлаш жараёнларини моделлаштириш усуллари ва бир қатор устувор йўналишларда юқори самарали бошқарув тизимларини такомиллаштириш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилиши, жумладан: филтрлаш жараёнларининг математик моделларини шакллантириш, тўлқин, Фуре, Хаар, Уолш-Ҳадамард, Кархунен-Лоев чизиқли ва чизиқли бўлмаган дифференциал тенгламалар асосида тасвирларнинг равшанлиги ва ёрқинлигини оширишда алгоритмлар ва дастурий таъминот яратиш масалалари кўриб чиқилган.
— Олима аёллар олдида турган энг катта муаммо нимада?
— Олий маълумотли университетларни битираётган аёллар сони кундан кунга ортиб бормоқда. Аммо аёлларимиз ҳамон табиий фанлар, технология, муҳандислик ва математика (Science, Technology, Engineering and Mathematics, STEM) соҳаларида салмоғи камроқ. Шунинг учун ёш қизларимизни мактаб, коллеж давридаёқ айнан фанларга, илмга қизиқтириш, уларни илмий тадқиқот ишларга етаклаш муҳим ҳисобланади ва албатта уларга оилада, жамиятда, ҳам маънавий, ҳам моддий шароитлар яратиб бериш лозим.
— Истаймизми, истамаймизми ўзбек аёлини олималикдан кўра оиласида бажарадиган юмушлари жуда кўп. Шу сабабли жуда кўп аёллар иқтидорини намоён эта олмай қолишади. Сиз буни қандай уддалаяпсиз?
— Икки нафар фарзандим бор. Ўзим ҳамма аёллар қатори оддий оиланинг келиниман. Бахтим шундаки янги келин бўлган пайтларим қайнона-қайнотам мени маънавий жиҳатдан қўллаб илмий ишимни давом эттиришимда ёрдам беришган. Фарзандларимни катта қилишди. Ҳозир қизим ихтисослаштирилган мактабда ўқийди. Ундан ташқари спорт билан шуғулланади. Ўғлим ҳам доимо ўқиш, ўз устида ишлаш билан банд. Демоқчиманки, агар одам ҳар битта нарсага вақтини тўғри тақсимласа ҳамма нарсага эришади. Ва энг асосийси оилада ҳамма ўзини вазифасини бажариши керак. Бир-бирига яхши муносабатда бўлинса, ўша оиладаги одамларнинг ҳаётида ўсиш бўлади.
Нигора Раҳмонова суҳбатлашди, ЎзА