Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!
Эрталабдан янграган карнай-сурнай ва ноғора садолари Жиззах аҳли ва барча меҳмонларни шаҳардаги “Ўрда экобоғи” томон чорлади. Вилоятдаги корхона, ташкилот, бошқарма ва идоралар, олий ўқув юртлари, маҳаллалар, таълим муассасалари ва улардан ташқари, ҳар бир туман ўзлари учун ажратилган жойларда саҳна ўрнатиб, бир-биридан тўкин байрам дастурларини намойиш этмоқда.
Халқ билан бирга байрам сайлида қатнашган Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев ва вилоят фаоллари, нуронийлар, шаҳар ва туман ҳокимлари “Ўрда экобоғи”да Наврўзни тантана қилаётганларнинг даврасида бўлиб, уларни байрам билан табриклади. Байрам “Ўрда” амфитеатрида катта тантана билан давом этди.
Тадбирга келганлар, айниқса, миллий халқ ўйинларидан кураш, арқон тортиш, тош кўтариш, чиллик каби беллашувларни завқ билан томоша қилди.
[gallery-16546]
– Бу кўҳна байрамни халқимиз қанчалар севишини сайилга чиққан кексаю ёшларнинг лабларидаги табассум, кўзларидаги қувончдан билиб олса бўлади, – дейди меҳнат фахрийси Дилбар Саидова.
Вилоят ҳокими Эргаш Салиев ўз сўзида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар барча жабҳаларда ўзининг ёрқин самараларини бераётгани, бугун воҳа аҳли фақатгина қишлоқ хўжалиги билан эмас, балки автомобилсозлик, саноат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, экспорт имкониятлари билан ҳам мақтана олишини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Театрлаштирилган томошалар, пойтахтдан келган таниқли эстрада юлдузлари ва жиззахлик иқтидорли санъаткорлар намойиш этган байрам концерти қатнашчиларга баҳорий кайфият улашди.
Жиззах воҳасида Наврўз тантаналари қизғин давом этмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари