Оилалар мустаҳкамлиги прокурор назоратида
Бухоро вилояти прокурори, адлия катта маслаҳатчиси Маҳмуд Истамов ташаббуси билан 2-сектор штаби ҳузурида хотин-қизлар ҳуқуқий-психологик маркази фаолият юритмоқда.
Марказда мутахассислар томонидан ажрим ёқасига келиб қолган оилаларнинг ажралиш сабаблари ўрганилмоқда. Аниқланган муаммолар бартараф этилиб оилалар яраштирилаётир.
Марказда жорий йилнинг ўтган даврида ажрим ёқасига келиб қолган 52 та оилани яраштириш чоралари кўрилган. Хотин-қизларнинг 104 нафарига психологик ва 109 нафарига ҳуқуқий маслаҳат берилган.

2020 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида секторда қабул қилинган жами 638 та оиланинг ажрим ёқасига келиб қолиш сабаблари таҳлил қилинди.
Жумладан, 16 та оила фарзандсизлик, 17 таси яқин қариндошининг аралашуви, 19 таси хиёнат қилгани, 38 та ҳолатда қизларнинг уй бекаси сифатида уй-рўзғор юмушларини бажара олмаслиги, 43 та иқтисодий-моддий сабаблар, 75 та ҳолатда эса ичкиликка берилиб масъулиятни унутиб қўйиш, 114 та ҳолатда ёшларнинг оила ва никоҳга тайёрланмай турмуш қуришлари ва қолган 316 та ҳолатда учинчи шахснинг (қайнона, қайнота ва бошқаларнинг) аралашуви натижасида турли ажримлар келиб чиққанлиги маълум бўлди.
Зариф Комилов, ЎзА