Оила маскани – касб, бандлик ва фаровон ҳаёт сари
Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида вилоят ҳокимлигининг ижтимоий буюртмаси асосида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг молиявий кўмагида “Зиёкор” аёллар ва ёшлар маркази томонидан амалга оширилаётган “Оила маскани - касб, бандлик ва фаровон ҳаёт сари” лойиҳасининг тақдимоти ўтказилди.
Тадбир аввалида таъкидланганидек, бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорликка жалб этиш ва оилаларнинг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлашдир. Бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳалар инсонларнинг ўз имкониятларини рўёбга чиқаришига амалий шароит яратмоқда.
Лойиҳа доирасида Кармана туманидаги 39 та маҳаллада ишсиз ва ижтимоий кўмакка эҳтиёжи бўлган хотин-қизлар ҳамда ёшларни аниқлаш ва уларни аниқ манзилли қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилади. Шу мақсадда “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, Ижтимоий ҳимоя ягона реестри, бандлик органлари маълумотлари ва маҳалла тавсиялари асосида 156 нафар иштирокчини лойиҳага жалб этиш кўзда тутилган.

– Иштирокчиларнинг қизиқиши, қобилияти ва меҳнат бозоридаги талаб ўрганилиб, улар 10 та касбий йўналиш бўйича уч ойлик назарий-амалий курсларга жалб этилади, – дейди “Зиёкор” аёллар ва ёшлар маркази раҳбари Гулҳаё Равшанова. – Машғулотларни самарали ташкил этиш учун ўқув хоналарини компьютер техникаси, амалий ускуналар ва зарур материаллар билан жиҳозлаш, малакали мураббий ва амалиётчи мутахассисларни жалб қилиш режалаштирилган. Лойиҳанинг мақсади фақат касб ўргатиш эмас. Асосий вазифамиз эгалланган касбни даромад манбаига айлантириш. Шунинг учун иштирокчиларга тадбиркорлик асослари, бизнес-режа тузиш, молиявий саводхонлик, маркетинг ва маҳсулотларни сотиш бўйича амалий билимлар ҳам берилади. Бу жараённи қўллаб-қувватлаш учун Кармана туманида 4 маротаба кўргазма-савдо ярмаркалари ва “Маҳсулотлар фестивали” ташкил этилади. Маҳаллий савдо нуқталари ҳамда онлайн савдо каналлари билан ҳамкорлик ўрнатилиб, иштирокчиларнинг тайёр маҳсулотларини бозорга олиб чиқишига ёрдам берамиз.

Амалиётга яқинлаштириш мақсадида иштирокчилар “Ҳазора текстиль”, “Асл орзу нон ва нон маҳсулотлари”, “Асадбек” МЧЖ каби тадбиркорлик субъектларига ташриф буюриб, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш жараёнлари билан бевосита танишади. Бундай ёндашув касб ўрганаётган ёшлар ва хотин-қизларга назарий билимни амалиёт билан уйғунлаштириш имконини беради.
Лойиҳада оиланинг иқтисодий барқарорлиги билан бир қаторда, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш масаласи ҳам қамраб олинган. 64 нафар никоҳ ёшидаги ёшлар ва ёш оилалар учун оила психологияси, оилавий бюджет, иқтисодий режалаштириш, масъулиятли ота-оналик, хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳамда тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга бағишланган тренинглар ўтказилади.
Лойиҳанинг бандликка йўналтирилган чоралари эса иштирокчиларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб белгиланган. Жумладан, 51 нафар битирувчига ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолиятини бошлаш ва мустақил даромад манбаини яратишда ёрдам берилади. Оилавий шароити оғир бўлган 36 нафар битирувчи зарур хомашё билан таъминланиб, уй шароитида даромад келтирувчи фаолиятни йўлга қўйишига кўмаклашилади.

Шунингдек, 48 нафар иштирокчи учун индивидуал бизнес-режалар ишлаб чиқилиб, улар имтиёзли кредитлар ва давлат тадбиркорлик дастурларига йўналтирилади. Яна 21 нафар битирувчини тумандаги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналаридаги бўш иш ўринларига йўналтириш ва ишга жойлаштириш чоралари кўрилади.
Лойиҳа доирасида ҳар бир иштирокчи учун уларнинг имконияти ва эҳтиёжидан келиб чиқадиган ҳолда ёндашилади. Кимгадир касб ўргатилади, кимгадир ўзини ўзи банд қилишда ёрдам берилади, яна бировга хомашё ёки бизнес-режа зарур бўлса, бошқаси муносиб иш ўрнига йўналтирилади.
Эътиборли жиҳати, ёрдам бандлик билан якунланмайди. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаган ва иш билан таъминланган битирувчиларнинг кейинги 6 ой давомидаги фаолияти мониторинг қилинади. Уларнинг дуч келаётган муаммолари ўрганилиб, зарур ҳолларда амалий маслаҳат ва кўмак кўрсатилади.

Лойиҳа ижросининг самарадорлигини таъминлаш мақсадида ишчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилади, ҳамкор ташкилотлар ўртасида уч томонлама шартномалар тузилади. Тақвим иш режаси ва чора-тадбирлар ижроси мувофиқлаштирилиб, ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ҳамда натижаларнинг очиқлиги мунтазам мониторинг қилиб борилади.
Тақдимот якунида манфаатдор ташкилотлар вакиллари томонидан лойиҳанинг келгуси босқичлари, ҳамкорлик механизмлари ва белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш масалалари юзасидан таклифлар билдирилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири