Одамзод Ойга қайтмоқда: 50 йиллик танаффусдан сўнг янги миссия
NASA 50 йилдан кўп вақт ўтгач, яна инсонларни Ойга юбормоқчи. Бу миссия “Artemis II” доирасида амалга оширилади ва одамнинг чексиз фазога қайта йўл олишини англатади. Парвоз 10 кун давом этади, экипаж Ой атрофида айланиб, кейин Ерга қайтади. Қайтишда кема тезлиги тахминан 40 минг км/соатга етиши кутиляпти. Бу инсоният тарихидаги энг тез ҳаракатлардан бири бўлади.
Artemis II — кенг кўламли “Artemis program”нинг иккинчи босқичи ҳисобланади. Аввалги миссия — экипажсиз “Artemis I” 2022 йил муваффақиятли якунланган. Бу гал тўрт нафар астронавт янги “Orion spacecraft” қурилмасида учади. Уларни космосга олиб чиқувчи “Space Launch System” ракетаси илк бор инсон билан синовдан ўтади.
Миссияда Ойга қўниш режаси йўқ. Асосий мақсад — барча тизимларни тўлиқ тестдан ўтказиш ва келгуси лойиҳалар учун хавфсизликни шакллантириш. Астронавтлар ҳаётни қўллаб-қувватлаш тизими,ҳаво ва сув таъминоти, хавфсизлик ускуналарини текшириб чиқади.
Бу парвоз нафақат илмий, балки сиёсий ва стратегик аҳамиятга ҳам эга. Инсониятни Ойга яқинлаштириш мислсиз молия, технология ва халқаро ҳамкорлик талаб қилади. Шунинг учун бу миссия муваффақият келтирса, кейинги босқич Ойга қўниш ва ҳатто Марсга парвоз учун йўл очади.
Экипаж таркиби ҳам халқаро мақомга эга: уч америкалик, бир нафар канадалик. Дастурга 60 дан ортиқ давлат қўшилгани лойиҳа глобал аҳамият касб этишини англатади. Хуллас, инсон яна Ой юзасига қадам қўйишига жуда оз вақт қолгандек.
Мусулмон Зиё, ЎзА