Одам савдоси – аср вабоси...
Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди судьялари Фарҳод Шукуров, Шерзод Юлдашев, Музаффар Кукиев, Анвар Дусмуродов томонидан туманидаги «Сўғдиёна» МФЙда маҳалла фаоллари иштирокида «Одам савдосига қарши курашишда судларнинг ўрни» мавзусида сайёр учрашув ўтказилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати хабар қилди...
Иштирокичиларга мамлакатимизда сўнгги йилларда одам савдоси, хусусан чақалоқлар ва болалар савдоси билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу йўналишда қабул қилинган қонунлар ва давлат дастурлари, амалий саъй ҳаракатлар, шунингдек мазкур турдаги жиноятларни, хусусан Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) билан боғлиқ ишларнинг судларда кўриш амалиёти ва улар учун белгиланган жавобгарлик масалалари ҳамда мазкур тоифадаги жиноятларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар ва ижтимоий омиллар хусусида маъруза қилинди.
«Дунё мамлакатлари халқаро муносабатларда минтақавий хавфсизликни таъминлаш, иқтисодий, ижтимоий, илм-фан, таълим соҳаларида ҳамкорлик қилиш, умуминсоний қадриятлар билан боғлиқ муаммоларни биргаликда ҳал этишга алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Бунинг натижасида мамлакатлараро миграция жараёнлари бирмунча фаоллашди, фуқароларнинг меҳнат қилиш, таълим олиш, туризм ва шу каби турли мақсадларда бошқа давлатларга чиқиши, эркин фаолият олиб бориши учун имкониятлар янада кенгайди. Ижобий ўзгаришлар билан бир қаторда айрим трансмиллий жиноятларнинг ортиши ҳам кузатилмоқда. Одам савдоси ҳам ана шундай жиноятлардан биридир. Одам савдоси – инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати, осойишта турмуши ҳамда келажагига таҳдид солаётган трансмиллий уюшган жиноятчилик кўринишларидан бири бўлиб, ўзининг чегара танламаслиги ҳамда гирдобига асосан ёшларни ва аёлларни тортаётганлиги билан барчада катта ташвиш ва хавотир уйғотмоқда. Инсонни улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинлиги ҳимоясини таъминлаш асосий қадриятга айланган бир даврда, бу мудҳиш иллат ноқонуний қурол савдоси, гиёҳвандлик воситаларининг ғайриқонуний муомаласи каби оғир оқибатларни келтириб чиқаради», дейди Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди судьялари Фарҳод Шукуров.
Дарҳақиқат, учрашувда таъкидланганидек, одам савдоси жиноятчилар учун сердаромад манба бўлиб қолмоқда. Халқаро экспертларнинг баҳолашича, дунё бўйича одам савдосидан тушадиган йиллик даромад 7 млрд. АҚШ долларидан ошмоқда. Афсус билан таъкидлаш керакки, дунёда «одам савдоси» бозори ва унга талаб кундан-кунга ошиб бормоқда. Шу боис жиноий тузилмалар ушбу ноқонуний фаолият билан шуғулланишнинг турли йўлларини қидириш, мақсадини амалга оширишни енгиллаштириш учун халқаро жиноий уюшмалар ташкил этиш, давлат хизматчиларини ўзларига оғдириш пайида бўладилар. Бу эса трансмиллий уюшган жиноятчилик, коррупция каби хавфли иллатларнинг кенг ёйилишига сабаб бўлади.
«Одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар ўз кирдикорларини яшириш мақсадида бундай савдонинг қурбонига айланаётган шахсларни имкон қадар эътибордан четда тутишга ҳаракат қиладилар. Аввало, бунинг учун одамларни хорижга ноқонуний йўллар билан олиб чиқишга, паспорт ва шахсий ҳужжатларини қалбакилаштиришга уринадилар. Бу ҳолат эса ноқонуний миграция салмоғининг ортишига, муайян давлат ҳудудига ноқонуний кириб келганлар сонининг ортиб, иқтисодий, демографик ва криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатишига, шунингдек, хорижга чиқиш ва муайян давлат ҳудудида бўлиш қоидаларининг бузилишига олиб келади. Одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар бундай савдонинг қурбонига айланаётганларни имкон қадар ўз назоратида ушлаб туриш ва кўпроқ фойда олиш мақсадида, уларнинг паспорт, миграция карточкаси каби шахсига оид ҳужжатларни ноқонуний эгаллаб, хорижий давлатда эркин ҳаракатланиш, ҳимояси остида бўлган давлатнинг тегишли ваколатхоналарига мурожаат этишига тўсқинлик қиладилар. Оқибатда бундай шахслар ўзини ҳуқуқий ҳимоялаш имкониятидан маҳрум этилади”, дейди Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди судьялари Шерзод Юлдашев.

Одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар ўз хусусиятига кўра латент характерга эгалигига тўхталган судья сўзини давом эттираркан, бунинг сабабларини тушунтирди. – Чунки, одам савдоси қурбонлари уларга нисбатан жисмоний ёки руҳий тазйиқ ўтказилганлиги ҳақидаги маълумотлар ошкор бўлиши ёки ўзининг ноқонуний хорижга чиққанлиги фош бўлишидан чўчиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этмайдилар. Бундай ҳолат одам савдоси билан шуғулланган шахсларнинг жавобгарликдан қутулиб қолишига ҳамда жиноий фаолиятини давом эттиришига олиб келади. Шу боис, дунё мамлакатларида одам савдосига қарши кураш масаласига жиддий эътибор қаратилиб, бу тадбирга давлат идоралари, қолаверса, жамоат ташкилотлари, ўқув муассасалари, оммавий ахборот воситалари кенг жалб этилмоқда. Дунёда одам савдоси билан боғлиқ вазият таҳлили бу борадаги аҳволнинг ҳамон жиддийлигича қолаётганлигини кўрсатмоқда.
Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди судьяси Анвар Дусмуродов эса республикамизда криминоген вазият таҳлили одам савдосига қарши курашиш, унга имкон берадиган шарт-шароитларни бартараф этиш оқибатларини мумкин қадар енгиллаштириш юзасидан бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш лозимлиги хусусида тўхталди.
– Масалан, Каттақўрғон шаҳрида яшовчи икки аёл жиноий шериклари билан тил бириктириб, бир неча гуруҳ қизларни алдаш йўли билан Қирғизистон Республикаси орқали Дубай шаҳрига юборган. У ерда уларни кутиб олган жиноий гуруҳнинг аъзоси бўлган яна бир аёл қизларнинг фуқаролик паспортларини олиб қўйиб, ўзларини эса бир йил давомида фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур этган. Ёки, Тошкент шаҳрида яшовчи эркак ва бошқалар фаолияти тугатилган шўба корхонанинг муҳри ва ҳужжатларидан фойдаланган ҳолда ушбу корхонани хорижда иш билан таъминлашга кўмаклашувчи ташкилот эканлигига одамларни ишонтирган. Унинг «хизмат»идан фойдаланиш истагини билдирган 56 нафар фуқароларни алдов йўли билан Қозоғистонга олиб чиқиб, номаълум шахсларга сотиб юборган. Оқибатда республикамиз фуқароларининг шахсий ҳужжатлари олиб қўйилиб, ўзлари номаълум шахслар томонидан Нур-Султон (Собиқ номи Астана)да мажбурий тарзда ишлатилган.
Одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар ҳақида бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бу тоифадаги жиноятларга қўл урган шахсларнинг 40 фоизини аёллар ташкил этганлиги жойларда маҳалла, хотин-қизлар қўмиталари, ҳокимликлар ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва бошқа мутасадди идораларнинг бундай салбий ҳолатларга қарши ҳамкорликда, фаол иш олиб боришларини тақозо этади.
Одам савдоси каби жиноий фаолиятни амалга ошириш услубларининг таҳлили аксарият ҳолларда фуқароларни мажбурий меҳнат ёки фоҳишалик билан шуғуллантириш мақсадларида фойдаланиш учун республикамиз ҳудудидан яширин равишда олиб чиқиб кетилаётганлигини кўрсатмоқда. Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат ва эъзозга лойиқ. Унутмаслик лозим, инсоний қадриятларни топташга уринган ҳар қандай шахсга қонун олдида жавобгарлик муқаррар!
Сайёр учрашувда одам савдоси соҳасидаги жиноятлар ва уларнинг замонавий кўринишлари, бу турдаги жиноятларга қарши курашиш бўйича одил судлов амалиёти, одам савдосидан жабрланган чақалоқлар ва болаларни ижтимоий ҳимоялаш чоралари, одам савдосига қарши курашишда жамоатчилик иштироки ва ҳамкорлигининг аҳамияти, мазкур соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш масалалари муҳокама этилди ва ўзаро фикр алмашилди.