Обод маҳалла – фаровон ҳаёт пойдевори: СҚБ “Долзарб 40 кунлик” тадбирларини бошлади
Маҳаллаларда ободлик, озодалик ва яшаш маданиятини юксалтириш бугунги давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2026 йил 21 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида “маҳалла еттилиги” фаолиятини янги тизим асосида ташкил этиш ҳамда энг оғир маҳаллаларда “Долзарб 40 кунлик” тадбирларини амалга ошириш бўйича муҳим вазифалар белгиланди.
Мазкур топшириқлар ижроси доирасида Ўзсаноатқурилишбанк (СҚБ) Сурхондарё вилоятидаги ўзига бириктирилган маҳаллаларда тадбирларни бошлади. Хусусан, Сариосиё туманининг “Шарафобод” ва “Ёқутли боғ”, Денов туманининг “Янги Ҳазорбоғ” маҳаллаларида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, ҳудудларни тартибга келтириш ҳамда аҳоли яшаш шароитларини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Тадбирларда маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар, “маҳалла еттилиги” вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик фаол иштирок этмоқда. Кўчалар ва жамоат жойлари ободонлаштирилмоқда, йўл ёқалари ҳамда ҳудудлар маиший ва қурилиш чиқиндиларидан тозаланмоқда, дарахтлар парвариш қилинмоқда, янги кўчатлар экилмоқда, деворлар оқланмоқда.

Шунингдек, банк томонидан аҳолининг даромадини оширишга хизмат қилаётган намунали лойиҳаларни бошқа хонадонларда ҳам жорий этиш ишлари ташкил этилмоқда.
“Долзарб 40 кунлик” тадбирлари ободонлаштириш билан бир қаторда фуқароларнинг дахлдорлик ҳиссини мустаҳкамлаш, ҳамжиҳатликни кучайтириш ва яшаш маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Ушбу тадбирлар Ўзсаноатқурилишбанкка бириктирилган бошқа маҳаллаларда ҳам босқичма-босқич давом эттирилмоқда.
ЎзА