Нурафшонда янги ижтимоий соҳа объектлари иш бошлади
Тошкент вилоятининг маъмурий маркази бўлган Нурафшон шаҳрида бир қатор ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишда топширилди.
Хусусан, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, шошилинч тиббий ёрдам сифатини ошириш ҳамда қон компонентларига бўлган эҳтиёжни тўлиқ қондириш мақсадида замонавий Қон қуйиш маркази иш бошлади.

Мазкур марказ 4 қаватли бўлиб, қарийб 18 миллиард сўм маблағ эвазига барпо этилган. Бино барча замонавий талабларга жавоб берадиган инфратузилмага эга. У ҳудуддаги 22 та туман ва шаҳар тиббиёт муассасаларини узлуксиз равишда қон ва унинг компонентлари билан таъминлайди.

— Янги марказда қонни қайта ишлаш, тайёрлаш ва захиралаш жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, у халқаро стандартларга мос замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган, — дейди Тошкент вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Феруза Раҳматуллаева. — Бу эса қон хавфсизлиги ва сифатини юқори даражада таъминлаш имконини беради. Айни пайтда марказда 90 нафарга яқин малакали тиббиёт ходимлари фаолият юритмоқда. Шунингдек, 2 та сайёр гуруҳ ҳудудларга чиқиб, донорлар қонини йиғиш, аҳоли ўртасида донорлик ҳаракатини кенг тарғиб қилишга қаратилган турли акциялар ва тушунтириш тадбирларини амалга оширади.

Шунингдек, Нурафшон маҳалласида 250 қатновга мўлжалланган замонавий, 3 қаватли оилавий поликлиника янгидан барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда шаҳар ҳокими Илҳом Қличханов мазкур тиббиёт муассасаларининг ишга туширилиши аҳолини замонавий ва сифатли бирламчи тиббий хизматлар билан таъминлаш имкониятларини сезиларли даражада оширишини алоҳида таъкидлади.

Ушбу оилавий поликлиника 16 та маҳаллада истиқомат қилувчи қарийб 60 минг нафарга яқин аҳолига хизмат кўрсатиш қувватига эга. Муассасада 273 нафар малакали тиббиёт ходими ҳамда 27 та тиббиёт бригадаси фаолият юритиб, аҳолига тезкор ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш таъминланмоқда.

Маълумки, давлат ва жамият ривожида хусусий секторнинг ўрни муҳим ҳисобланади. Нурафшон шаҳрида бу йўналишда ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 4 миллиард сўм маблағ эвазига тадбиркор томонидан барпо этилган “Wonder Land” хусусий мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди. Ушбу лойиҳа ҳудудда болаларнинг боғчага қамровини ошириш борасида муҳим қадам бўлди.
Муассаса 80 нафар тарбияланувчини қабул қилиш қувватига эга бўлиб, замонавий талаблар асосида қурилган ҳамда барча коммуникация тизимлари билан таъминланган. Боғчада болалар учун очиқ сув ҳавзаси, мини футбол майдони ва замонавий ўйин майдончалари яратилган. Таълим-тарбия жараёни ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилади. Шунингдек, ментал арифметика, гимнастика, таэквондо, мини футбол ва теннис каби тўгараклар фаолияти ҳам йўлга қўйилган.
Ҳудуд фаоллари мазкур бунёдкорлик объектларида бўлиб, яратилган шароитлар билан танишди.
А. Мусаев, ЎзА