Нукусда “Турли миллатлар – ягона фуқаровий ўзлик” мавзусида конференция ўтказилди
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Бағрикенглик ҳафталиги доирасида “Турли миллатлар – ягона фуқаровий ўзлик” мавзусида конференция ташкил этилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, диний уламолар, зиёлилар, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар иштирок этди.
Тадбирни институт ректори в.б. Қувондиқ Қодиров кириш сўзи билан очиб, мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, турли миллат ва элат вакилларининг ягона Ватан равнақи йўлида бирлашиши муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари А.Алланиязов ҳам сўзга чиқиб, жамиятда миллатлараро ҳамжиҳатликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр билдирди.
Конференция давомида маърузачилар томонидан миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликнинг жамият ҳаётидаги ўрни, унинг давлат барқарорлиги ҳамда тараққиётидаги аҳамияти эътироф этилди. Жумладан, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозияти қозиси Б.Разов “Диний манбаларда миллатлараро тотувлик масаласининг улуғланиши”, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббий Б.Султанов “Миллатлараро тотувлик – давлат барқарорлиги ва жамият тараққиётининг муҳим омили”, институт ректори в.б. Қ.Қодиров эса “Турли миллатлар – биз, ягона Ватан фарзандларимиз” мавзуларида маърузалар қилди.
[gallery-32645]
Конференция якунида институтнинг “Тўмарис” халқ ансамбли аъзолари ҳамда қобилиятли талабалар ижросида маданий-концерт дастури намойиш этилди.
Мазкур тадбир миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёшларда бағрикенглик, ватанпарварлик ва ягона Ватан туйғусини юксалтириш, жамиятда тинчлик ва барқарорликни асрашга қаратилган эзгу қадриятларни кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА