Нима учун Украинага ЕИга рамзий аъзолик таклиф қилинди? (+видео)
Европа Иттифоқи Украинани тезлаштирилган тартибда аъзо қилиш ғоясини қўллаб-қувватламагач, Брюсселда янгича ёндашув, яъни чекланган аъзолик мақоми ҳақида муҳокамалар бошланди, деб хабар берди DW нашри.
Экспертларнинг фикрича, чекланган аъзолик мақоми Украинага овоз бериш ҳуқуқи ва ЕИ бюджетига тўлиқ кириш имконини бермайди.
Украинани ЕИга аъзо қилиш таклифи кўплаб давлатлар томонидан қўллаб-қувватланмаганидан кейин, Киевни Иттифоққа олиб киришнинг янги йўли сифатида “чекланган аъзолик мақоми” ғояси кўтарилмоқда. Бу формат Украинага тўлиқ аъзолик берилгунга қадар оралиқ, рамзий мақом сифатида кўрилмоқда.
Европа Кенгаши раҳбари Антониу Кошта бу жараён узоқ ва мураккаб эканини таъкидлаб, Украина учун сунъий муддатлар белгилаш мумкин эмаслигини айтди. Германия канцлери Фридрих Мерц эса Украинанинг ЕИга тез киришининг имкони йўқ эканлигини очиқ билдирди.
Маълумотларга кўра, бу ташаббус Германия ва Франция томонидан илгари сурилган. Унга кўра, Украинага ЕИ билан интеграциялашувнинг айрим имтиёзлари берилиши мумкин, аммо у овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмайди ва ЕИ бюджети, жумладан қишлоқ хўжалиги фонди каби молиявий дастурларга киролмайди.
Бундан ташқари бошқа бир таклиф ҳам ўртага ташланган. Буни кўпчилик “тескари аъзолик” деяпти, яъни Украинага тўлиқ ҳуқуқлар бермасдан туриб кенгроқ имкониятлар очишни назарда тутади, аммо бу ғоя ҳам қўллаб-қувватланмаган.
Украина президенти Володимир Зеленский бу таклифларни кескин рад этди. Унинг фикрича, Украина рамзий мақомга эмас, тўлиқ аъзоликка ҳақли, чунки у нафақат ўзини, балки бутун Европани ҳимоя қилмоқда.
Айрим европалик экспертлар чекланган аъзолик мақомини тўлиқ аъзоликка тайёрловчи босқич сифатида кўрмоқда. Уларнинг фикрича, бу мақом Украинага ЕИ институтларида ишлаш тажрибасини беради. Бироқ овоз бериш ҳуқуқи ва бюджет каби асосий масалалар барибир чекланган бўлиб қолади.
Экспертларнинг фикрича, ЕИ Украинага аниқ йўл харитасини бериши керак, акс ҳолда бундай таклифлар фақат сиёсий муҳокамалар даражасида қолиб кетаверади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Se0Ef5rOz24" title="Nima uchun Ukrainaga YEIga ramziy a’zolik taklif qilindi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА