Нигоҳларда ғурур: очиқ эшиклар куни таассуроти
Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг Маънавият ва маърифат марказида ташкил этилган “Очиқ эшиклар куни” тадбири нафақат бир кунлик учрашув, балки руҳиятни уйғотувчи, Ватанга муҳаббатни янада мустаҳкамловчи маънавий майдонга айланди.
Мазкур тадбирда Нукус шаҳридаги куч тузилмалари ҳарбий хизматчилари фаол иштирок этиб, ёш авлод учун чинакам жасорат, матонат ва фидойилик тимсолини намоён этди. Ҳарбий техника ва замонавий қурол-яроғлар кўргазмаси ёшлар учун нафақат қизиқарли томоша, балки мамлакат қудрати ва унинг ҳимоя салоҳиятини англаш имкониятини берди. Бу темир ва пўлатдан ясалган воситалар ортида Ватан тинчлигини асраётган мард ўғлонларнинг кучи ва жасорати мужассам эканини ёшлар теран ҳис этдилар.
Қўл жанги усталарининг чиқишлари эса ҳақиқий маҳорат ва интизом мактаби бўлди. Ҳар бир ҳаракат, ҳар бир муваффақият ортида йиллар давомида тўпланган тажриба, ирода ва матонат мужассам эди. Бу чиқишлар ёшларни нафақат ҳайратга солди, балки уларда кучли бўлиш, ўз устида ишлаш, Ватан ҳимоясига тайёр туриш каби олийжаноб интилишларни уйғотди.
Ҳарбий оркестр садолари остида янграган куйлар, истеъдодли ёшлар томонидан ижро этилган Ватанни мадҳ этувчи қўшиқлар эса тадбирга алоҳида руҳ бағишлади. Бу куй-қўшиқлар юракларга кириб бориб, ҳар бир тингловчини ўз юрти, ўз тупроғи, ўз байроғи билан фахрланиш туйғусини мустаҳкамлади.
Тадбир доирасида Қорақалпоғистон Республикасидаги барча олий таълим муассасалари талабалари, кенг жамоатчилик вакиллари ва ёш ҳарбий хизматчилар фаол қатнашиб, ўзларининг Ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлашга эришдилар. Кўргазмали машғулотлар, давра суҳбатлари орқали ёшлар ҳарбий хизматнинг мазмун-моҳиятини чуқурроқ англаб, ўз билим ва кўникмаларини бойитдилар.
Бу тадбир келажак посбонларини тарбиялайдиган маънавий мактаб, Ватан ҳимояси бу нафақат ҳарбийларнинг вазифаси, балки ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.