Наврўз дунё кезмоқда
Эрон Ислом Республикасида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Маданият институти томонидан ҳамда Япониянинг Токио префектурасидаги Хамура шаҳрида Наврўз айёмига бағишлаб ўтказилган байрам тантаналари доирасида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, фоторассом Ҳусниддин Атонинг асарлари намойиш этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бадиий академияси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Муаллифнинг ўзбек урф-одатлари, анъаналари, санъати ва халқ турмуш тарзи акс этган ижодий ишлари томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.


Маълумки, санъат соҳасида халқаро эксперт ва фоторассом Ҳусниддин Ато мамлакатимиз ва хорижда ташкил қилинган кўплаб ижодий танловларда совриндор бўлган, шахсий кўргазмаларини мунтазам ўтказиб келмоқда. Фоторассом ўзи ижод йўли, услуби ва йўналишига эга бўлган ижодкордир. Борлиқни ўзига хос нигоҳ ва ракурсда кўриш, унга фотомусаввир сифатида ўз муносабатини билдириш унинг фаолиятида муҳим ўрин эгаллайди.
ЎзА