Навоийда “TalabaExpo – 2026” касблар кўргазмаси ўтказилди
Навоий шаҳридаги Алишер Навоий номидаги истироҳат боғида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, “Ўзмиллийбанк” АЖ, Савдо-саноат палатаси, Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида “Келажакка қадам” дастури доирасида “TalabaExpo – 2026” касблар кўргазмаси бўлиб ўтди.
Юртимизда ёшларни муносиб иш билан таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва иқтисодий фаоллигини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги “Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Мазкур қарорга мувофиқ битирувчи ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг бизнес ғояларини қўллаб-қувватлаш ҳамда имтиёзли молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Навоий вилоятида ҳам ушбу қарор ижроси доирасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Битирувчи талабалар ва ёш мутахассисларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишга жойлаштириш, амалиёт ва стажировка ўринларига йўналтириш, шунингдек, уларнинг стартап ғояларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда 100 дан ортиқ корхона ва ташкилотлар иштирок этди.
Бугунги кунда Навоий вилоятида 2025-2026 ўқув йилида 4 та олий таълим муассасасини 8 минг нафардан зиёд талаба битирмоқда. Шу билан бирга, бошқа вилоятларда таҳсил олаётган 4676 нафар навоийлик битирувчилар ҳам доимий назоратга олинган.
Маълумотларга кўра, Навоий давлат университетини 2025/2026 ўқув йилида 4876 нафар талаба тамомламоқда. Уларнинг 1942 нафари доимий ишга жойлашган. Шунингдек, битирувчиларнинг 83 нафари якка тартибдаги тадбиркор, 663 нафари ўзини-ўзи банд қилганлар, 737 нафари бола парваришда, 24 нафари ногиронлиги бўлганлар, 1427 нафари эса ишга жойлашиш арафасида.
– Самарқанд вилоятининг Нарпай туманиданман. Бу йил Навоий давлат университетининг иқтисодиёт йўналишини тамомладим, – дейди Баҳора Абдуқодирова. – Бугунги касблар кўргазмасида иштирок этиб, ташкилот ва корхоналар томонидан тақдим этилган бўш иш ўринлари билан танишдим. Ташкилотлар вакиллари бўш иш ўринлари билан батафсил таништиришди. Давлат ташкилотларидан бирига ўз мутахассислигим бўйича ишга жойлашдим. Бундан жуда ҳам хурсандман.
Бугун талаба ўзи учун муносиб иш ўрнини танлаш имконига эга. “Келажакка қадам” лойиҳаси эса ёшларни иш билан таъминлаш, уларни меҳнат бoзoри талабларига мoс равишда касбга йўналтириш ҳамда иш берувчилар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имкониятини яратиб берувчи лойиҳалардан биридир.
[gallery-30323]
– “Ўзмиллийбанк” АЖ Навоий вилоят бош бошқармаси томонидан вилоятдаги тўртта олий таълим муассасаси билан ҳамкорлик келишувлари имзоланган, – дейди “Ўзмиллийбанк” АЖ Навоий вилояти бош бошқармаси “Келажакка қадам” маркази директори Миржон Қаҳҳоров. – Шунингдек, Навоий давлат университети ҳамда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида “Келажакка қадам” марказларининг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилган. Ушбу марказлар орқали талабаларнинг бизнес ғоялари пухта ишланган лойиҳаларга айлантирилмоқда, истиқболли ташаббуслар молиялаштирилмоқда ва иш берувчилар билан ҳамкорликда битирувчиларнинг бандлиги таъминланмоқда. 2024-2025 ўқув йили битирувчилари томонидан тақдим этилган 168 та лойиҳа учун 8 миллиард 809 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди. Бунинг натижасида 185 нафар битирувчи ёш иш билан таъминланди. Шундан 154 нафар ўзини ўзи банд қилган ёшларнинг лойиҳалари учун 1 миллиард 540 миллион сўм кредит берилган бўлса, 14 та юридик шахс лойиҳасига 7 миллиард 269 миллион сўм ажратилиб, яна 41 нафар ёшнинг доимий бандлиги таъминланди.
2026 йилда ҳам мазкур ишлар изчил давом этмоқда. Йил бошидан буён битирувчи ва ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 150 та лойиҳага 25 миллиард 717 миллион сўм кредит маблағлари йўналтирилди. Натижада 171 нафар битирувчи ёшнинг бандлиги таъминланди. Уларнинг 133 та лойиҳаси “Келажакка қадам” ва “Келажак тадбиркори” дастурлари доирасида 13 миллиард 97 миллион сўм имтиёзли кредит билан молиялаштирилди. Қолган 17 та лойиҳа учун эса 12 миллиард 620 миллион сўм тижорат кредитлари ажратилди.
Касблар кўргазмасида битирувчи талабалар ишга жойлашиш, илғор ғояларини қўллаб-қувватлаш жараёнида фаол иштирок этди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари