Навоийда меҳнат хавфсизлиги ва соғлом иш муҳити масалалари муҳокама қилинди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Навоий шаҳрида меҳнат хавфсизлиги ва соғлом иш муҳитини таъминлаш масалаларига бағишланган семинар ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши мутасаддилари, «Ўзкимёсаноат» АЖ тизимидаги тармоқ корхоналарининг меҳнат муҳофазаси бўйича масъул ходимлари ҳамда касаба уюшма қўмиталари вакиллари иштирок этди.
Семинарда саноат корхоналарида меҳнатни муҳофаза қилишга қаратилаётган эътибор, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш самарадорлиги ва ходимлар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишлар муҳокама қилинди.
Мутахассислар томонидан ишлаб чиқариш жараёнларида хавфсизлик қоидаларига риоя этиш, замонавий ҳимоя воситаларидан самарали фойдаланиш ҳамда психологик-ижтимоий муҳитни яхшилашга доир тавсиялар берилди.
[gallery-28831]
Шунингдек, иш жойларида стресс ҳолатларини камайтириш, ходимлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, раҳбар ва ходимлар орасида самарали мулоқотни йўлга қўйиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир давомида иштирокчилар меҳнат муҳофазаси соҳасидаги илғор тажрибалар билан ўртоқлашиб, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирди.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА