Навоий вилоятидаги босма нашрлар муҳаррирлари Қизилтепа газетаси таҳририятида
Ўзбекистон Журналистлари ижодий Уюшмаси Навоий вилояти бўлими томонидан вилоят туман-шаҳар босма нашрлари бош муҳаррирлари учун ўзаро тажриба алмашиш лойиҳаси доирасида тажрибаси”ни кенг тарғиб этиш мақсадида тадбир ташкил этилди.
Тажриба алмашиш илк бор “Қизилтепа тонги” газетасидан бошланди.
“Қизилтепа тонги” газетаси 86 йилдан буён узлуксиз равишда чоп этилиб, нафақат вилоят, балки республикамизда фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ журналистлар учун маҳорат мактабини ўтаган. Айни пайтда 6700 нусхада чоп этилаётган газетага келгуси йил учун 7300 дона обуна ташкил этилган. Учрашувда “Қизилтепа тонги” газетаси бош муҳаррири, фахрий журналист Раҳим Мақсудов газетачилик мактаби, таҳририятда ижодий жамоа учун яратилган муҳит, обунани ташкил этишдаги ўзгача ёндашув, унинг газетхонларга етказилиш жараёни ҳақида батафсил тўхталди.
– Бу тадбир баҳона “Қизилтепа тонги” газетасида бўлиб, таҳририятнинг иш жараёнлари, орттирилган тажрибалари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдик, – дейди “Хатирчи ҳаёти” газетаси бош муҳаррири Анвар Ҳосилов. – Дарҳақиқат, бугун “Қизилтепа тонги” газетасининг ўз овози, таҳриририят ходимларининг ўтли қалами бор. Қолаверса, газета муҳаррирининг катта ҳаёт тажрибасига эга эканлиги, таҳририятда ўзига хос маҳорат мактаби яратганлиги алоҳида эътирофга лойиқ. Биз бугунги учрашувда ўзимиз учун жуда кўп амалий кўникмалар олдик. Энг муҳими, вилоятимиз босма нашрлари муҳаррирларининг ўзаро дийдорлашуви ва фикр алмашиш имконияти яратилганлиги янада аҳамиятли бўлди.

Тадбир доирасида барча ижодкорлар Қизилтепа туман ҳокимининг ўринбосари Р.Худойбердиев қабулида бўлиб, ҳудудда босма нашрларга қаратилаётган эътибор, келажакдаги ҳамкорлик хусусида фикрлашди.
“Қизилтепа тонги” газетаси ҳузурида ташкил этилган “Ёш журналистлар мактаби” аъзоларига “Маҳорат дарслари” ташкил этилиб, журналистиканинг ўзига хос хусусиятлари ҳаётий мисоллар билан сўзлаб берилди.
– Таҳририятда ўзига хос тизим ва ижодий муҳит яратилган, – дейди “Кармана овози” газетаси бош муҳаррири Абдуҳолиқ Жўраев. – Бугун тажрибали устозлардан ўзимизга маънавий куч олдик. Газетачилик маҳорати бўйича яна бир бор сабоқ чиқардик, десак муболаға бўлмайди. Бундай амалий тадбирлар кўпроқ ташкил этилиши тарафдоримиз.

Тадбир доирасида “Қизилтепа тонги” газетаси томонидан ташкил этилган танлов ғолибларига таҳририятнинг диплом ва эсдалик совғалари ҳам топширилди. Бош муҳаррирларга эса “Қизилтепа тумани: кеча ва бугун” китоб-альбоми совға қилинди.
Шунингдек, ҳамкорликнинг янги босқичи рамзи сифатида журналистлар томонидан таҳририят биноси олдидаги майдонга “Яшил макон” лойиҳаси доирасида янги манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Бу каби “Маҳорат дарслари” ва ўзаро тажриба алмашиш лойиҳаси анъанавий тарзда бошқа туман-шаҳар газеталарида ҳам давом эттириш режалаштирилган.
Озод Мустафоев,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси
Навоий вилояти бўлими мутахассиси.
ЎзА