Навоий вилоятида миграция ва таълим имкониятлари кенгаймоқда
Бугун юртимизда аҳолини муносиб иш билан таъминлаш, уларни халқаро меҳнат бозорига рақобатбардош кадр сифатида тайёрлаш устувор вазифалардан бирига айланган. Айниқса, меҳнат миграциясини тартибли, хавфсиз ва самарали ташкил этиш, фуқароларнинг касбий ва тил кўникмаларини оширишга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.
Навоий вилоятида бу борада амалга оширилаётган ишлар ана шу ислоҳотларнинг амалий натижаси сифатида намоён бўлмоқда. Хусусан, “KLETT EDU” компанияси вакилларининг вилоятга ташрифи халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Ташриф доирасида компания бош директори Фердинанд Айен, дастур координатори Мария Хауссман, “Klett Uzbekistan” ваколатхонаси раҳбари Ойдин Джалилова ҳамда “Base33” маркази раҳбари Имиль Нагаев Миграция агентлиги Навоий ҳудудий филиалида бўлиб, немис тили курсларида таҳсил олаётган фуқаролар ҳамда тиббиёт ходимлари билан мулоқот ўтказди.

Учрашув давомида Германияда ишлаш тартиблари, талаблар ва имкониятлар юзасидан батафсил маълумотлар берилди. Бу каби очиқ мулоқотлар фуқароларнинг хорижий меҳнат бозори ҳақидаги билимларини ошириш, уларни қонуний ва хавфсиз ишлашга йўналтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

– Маҳаллий аҳолини хорижда ишлашга тайёрлашда тил билиш ва касбий кўникмалар ҳал қилувчи аҳамиятга эга, – дейди Миграция агентлиги Навоий ҳудудий филиали раҳбари Исмат Болтаев. – Бугунги кунда Навоий шаҳри, Хатирчи ва Навбаҳор туманларида ташкил этилган немис тили курслари ёшлар учун кенг имкониятлар яратмоқда.
Навоий вилояти ҳокимлигида ўтказилган учрашувда ҳамкорликни янада кенгайтириш, янги таълим дастурларини жорий этиш ҳамда меҳнат миграцияси жараёнларини тизимли ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Бу эса келгусида халқаро стандартларга мос мутахассислар тайёрлаш имкониятларини янада оширишга замин яратади.

Шунингдек, Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази Навоий филиалида ўтказилган тадбирда Германияда ишлаш ва малака ошириш имкониятлари бўйича тақдимот ўтказилди.
Унда 130 нафар ўрта тиббиёт ходими иштирок этиб, улардан 30 нафардан ортиғи хорижда ишлашга қизиқиш билдирди.

Бугунги ислоҳотларнинг муҳим жиҳати шундаки, фуқароларни шунчаки хорижга ишга юбориш эмас, балки уларни пухта тайёрлаш, ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ва муносиб меҳнат шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса инсон қадрини юксалтиришга қаратилган давлат сиёсатининг амалий ифодасидир.
Навоий вилоятида миграция ва таълим соҳасида амалга оширилаётган ишлар аҳолининг билим ва салоҳиятини ошириш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда турмуш даражасини юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири