Кармана туман Маданият марказида ЎзЛиДеП ташаббуси билан ўтказиб келинаётган “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.
Дастлаб тадбиркор, ҳунарманд ва ишбилармон хотин-қизлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди.
Кўрик-танловда оилавий тадбиркорлик, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик фаолиятларида салмоқли ютуқларга эришиб, аҳоли бандлигига кўмаклашишда фаоллик кўрсатиб келаётган тадбиркор аёлларнинг ўзлари тайёрлаган маҳсулотлари ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилди ва баҳоланди.

Танлов якунига кўра, “Кармана Само-юлдузлари” МЧЖ, “Навоий Сумайя” МЧЖ ҳамда “Даврбек-Даврон келажаги” хусусий корхоналари таъсисчиси Шохиста Ҳикматова 1-ўринга лойиқ кўрилди ва танловнинг навбатдаги босқичига йўлланмани қўлга киритди.

– Ушбу танловда биринчи марта иштирок этдим, – дейди Ш.Ҳикматова. – Фаолиятимни 1999 йилда якка тартибдаги тадбиркор сифатида бошлаган бўлсам, бугунги кунга келиб 3 та корхонанинг таъсисчисига айландим. Ҳозирда 2 та меҳмонхоналар тармоғи, 3 та супермаркет ва 3 та умумий овқатланиш шохобчаларида 50 дан ортиқ ишчи-ходим фаолият кўрсатади. Айни пайтда туман марказида 3 юлдузли меҳмонхона қурилишини бошлаб юборганмиз ва меҳмонхонанинг ишга тушиши натижасида камида яна 70 га яқин кишининг бандлиги таъминланади. Танлов давомида ўзим каби тадбиркор аёллар билан танишдим. Айрим маҳсулотларни харид қилиш борасида тадбиркорлар билан шартномалар имзоладик. Бу танлов мен учун жуда манфаатли, фойдали танлов бўлди.
Танлов якунида ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди.

***
Навоий вилояти ИИБ бошлиғи Азат Тасбаев иштирокида шахсий қабул ташкил этилди.
Унда 15 нафарга яқин фуқаронинг мурожаатлари ўрганилди.
Қабул давомида фуқароларнинг ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ турли масалалари, ижтимоий, тиббий муаммолари билан бир қаторда турмуш сифатини яхшилашга қаратилган талаб ва таклифлари ҳам тингланди.

Мавжуд муаммоларнинг аксарияти масъул ходимлар иштирокида жойида ҳал этилган бўлса, қўшимча ўрганишларни талаб этган мурожаатлар алоҳида назоратга олинди.

***
Навоий шаҳрида “Ўзмиллийбанк” АЖ Навоий вилояти Бош бошқармаси тасарруфида аҳоли учун янада қулайликлар яратиш мақсадида янги “Халқлар дўстлиги” банк хизматлари офиси ташкил этилди.

Бугунги кунда банк хизматлари офиси томонидан 2100 нафарга яқин мижозга чакана хизматлар, хусусан, омонат, кредит, пластик карточкалар, халқаро пул ўтказмалари ҳамда касса хизматлари кўрсатилиб келинмоқда. Офисда жисмоний шахсларга микроқарз, авто, ипотека, таълим ҳамда бошқа турдаги истеъмол кредитлари ажратилмоқда.

Шунингдек, Навоий шаҳрининг Амир Темур кўчасида ҳам банкнинг “Ёшлик” банк хизматлари офиси фаолияти йўлга қўйилиб, айни пайтда мазкур масканда 2200 дан ортиқ мижозга турли банк хизматлари кўрсатилмоқда.

Абдували Бўриев, ЎзА мухбири