Навоий вилояти ва Покистон Ислом Республикаси ўртасида ҳамкорлик кучаймоқда
Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов бошчилигидаги делегациянинг Покистон Ислом Республикасига хизмат сафари расмий ва амалий учрашувларга бой тарзда давом этмоқда.
Ҳокимлик ахборот хизматининг маълум қилишича, сафарнинг дастлабки кунида делегация Синд вилояти бош вазири Саид Мурад Али Шах билан музокаралар ўтказди. Унда ҳудудлар ўртасида тўғридан-тўғри иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ва савдо ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар қўшма ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ва истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича амалий ишлар изчил давом эттирилишига келишиб олди.

Карачи шаҳрида ташкил этилган Навоий - Синд бизнес-форумида икки ҳудуднинг ишбилармон доира вакиллари иштирок этиб, ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб олди.

Форумда Навоий вилоятининг инвестицион жозибадорлиги, эркин иқтисодий зоналари, қулай ишбилармонлик муҳити ҳамда хорижий инвесторлар учун яратилган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Айниқса, тоғ-кон саноати, кимё, қурилиш материаллари, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги салоҳият алоҳида таъкидланди.

Бизнес-форум доирасида ўтказилган B2B ва G2B учрашувлари тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни таъминлаб, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, маҳсулотлар экспортини кенгайтириш ва логистика йўналишларини диверсификация қилиш бўйича амалий таклифлар илгари сурилди.

Делегациянинг халқаро компаниялар билан ўтказган учрашувлари ҳам самарали бўлмоқда. Жумладан, “Omni Group of Companies” раҳбарияти билан мулоқотда саноат, энергетика ва авиация соҳаларида ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди. Томонлар замонавий технологияларни жорий этиш, қўшма ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва инвестиция фаоллигини оширишга қизиқиш билдирди.

Шунингдек, чарм саноатида етакчи корхоналардан бири – “Nova Leathers (Pvt.) Ltd.” раҳбарияти билан ўтказилган учрашув ҳам амалий натижаларга бой бўлди. Музокаралар давомида чармни қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, технология алмашинуви ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди. Делегация аъзолари корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишиб, маҳсулот сифати ва халқаро стандартларга мослигига юқори баҳо берди.

Навоий вилояти делегациясининг Покистонга амалга ошираётган мазкур сафари икки ҳудуд ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда. Ўтказилаётган учрашувлар ва музокаралар натижасида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини ошириш учун мустаҳкам асос яратилмоқда.


Делегациянинг Покистон Ислом Республикасига хизмат сафари давом этмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири