Навоий вилояти чўл ҳудудларини ўзлаштиришда Миср тажрибасидан фойдаланилади
Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов бошчилигидаги вилоят делегациясининг Миср Араб Республикасига расмий ташрифи доирасида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, чўл ҳудудларини ўзлаштириш ва замонавий ирригация технологияларини жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, делегация аъзолари ва Миср Сув ресурслари ва ирригация вазири Ҳани Сувейлим ўртасида учрашув ўтказилиб, икки томонлама ҳамкорликнинг амалий йўналишлари муҳокама қилинган.
Учрашувда қайд этилганидек, Навоий вилояти ҳудудининг катта қисми Қизилқум чўли билан қопланган. Бу эса, айниқса, Конимех, Томди ва Учқудуқ ҳудудларида янги ерларни ўзлаштиришда сув ресурсларидан оқилона ва барқарор фойдаланишни талаб этади. Бу борада Миср тажрибаси Навоий вилояти учун алоҳида ўринга эга. Чунки Мисрда ҳам катта ҳудудларни чўл майдонлари ташкил этади ва сув тақчил шароитда ерларни ўзлаштириш, ерости сувларини ўрганиш, қудуқлардан самарали фойдаланиш ҳамда замонавий суғориш технологияларини жорий этиш бўйича муайян тажриба шаклланган.

Музокараларда ана шу тажрибани Навоий вилояти шароитига мослаштириш бўйича қатор амалий таклифлар илгари сурилди. Хусусан, вилоятда истиқболли чўл майдонини танлаб, Миср мутахассислари иштирокида унинг гидрогеологик ва иқтисодий салоҳиятини комплекс баҳолаш масаласи кўриб чиқилди.
Шунингдек, ерости сувларини қидириш, янги қудуқлар қазиш ва чўл ҳудудларини ўзлаштириш лойиҳаларига Миср компанияларини жалб этиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Ҳамкорлик доирасида Миср Миллий сув тадқиқотлари маркази ҳамда Ўзбекистоннинг тегишли илмий муассасалари ўртасида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, мутахассислар алмашинувини ташкил этиш ва қўшма тадқиқотларни амалга ошириш таклиф этилди.

Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини аниқлашда эса мавжуд қудуқларнинг сув сатҳи, дебити, минераллашув даражаси ва уларни ишлатишга сарфланаётган энергия миқдорини комплекс ўрганиш муҳимлиги таъкидланди. Айниқса, бир куб метр сувнинг ҳақиқий таннархини ҳисоблаш орқали сув ва энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган аниқ чора-тадбирларни белгилаш мумкин.
Қуёш энергиясидан фойдаланиб қудуқларни ишлатиш, замонавий томчилатиб ва бошқа сув тежамкор суғориш тизимларини жорий этиш ҳам музокараларнинг муҳим йўналишларидан бири бўлди. Бу каби ёндашувлар сув ресурслари чекланган чўл ҳудудларида нафақат сувни тежаш, балки энергия харажатларини мақбуллаштириш имконини ҳам беради.

Учрашув якунида Навоий вилоятини Миср Миллий сув тадқиқотлари маркази билан ҳамкорликда амалга ошириладиган биринчи ҳудудий амалий майдонлардан бири сифатида белгилаш таклифи билдирилди. Томонлар мутахассислар алмашинувини йўлга қўйиш, аниқ амалий лойиҳани шакллантириш ва ҳамкорликни изчил давом эттириш бўйича келишиб олдилар.
А.Бўриев, ЎзА мухбири