Навоий асарлари ҳукмдорларга бебаҳо туҳфа бўлган
Ватанимиз тарихидаги 9 февраль санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1441 йил (бундан 584 йил олдин) – улуғ шоир ва олим, буюк мутафаккир ва давлат арбоби, халқимиз маънавияти такомилининг турли босқичларида унинг равнақига улкан ҳисса қўшган сиймо Алишер Навоий таваллуд топди (вафоти 1501 йил). Замонасида кечган деярли барча сиёсий, ижтимоий, маърифий, маданий жараёнларнинг бевосита иштирокчиси бўлган Алишер Навоийдан улкан адабий, илмий ва маърифий мерос қолди.
Унинг асарлари ҳаётлиги давридаёқ Шарқ мамлакатлари ва Европага тарқалган эди. Хондамирнинг маълумот беришича, XV асрнинг охирларида Алишер Навоий асарларини юборишни илтимос қилиб, турли давлатлардан Ҳиротга тинмай мактублар келиб турган. Шоир девонлари подшоҳу султонларга, амиру амалдорларга энг қимматбаҳо совға сифатида тақдим этилган.
1907 йил (бундан 118 йил олдин) – “Вақт” газетасининг шу кунги сонида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Фарёди Туркистон” номли мақоласи эълон қилинди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, 1917 йилгача бўлган вақтли матбуотда Беҳбудийчалик фаол бўлган кишини топиш қийин. Унинг мақолалари факат Туркистон доирасида эмас, Кавказ, Волгабўйи матбуотида ҳам тез-тез босилар эди. Унинг номи Татаристону Тифлис–Бокуда ҳам таниқли эди.
1908 йил (бундан 117 йил олдин) – Ўрта ва Шарқий Осиёни ўрганиш қўмитаси йиғилишида Самарқанддаги Улуғбек расадхонаси жойлашган ерда қазишмалар олиб бориш ҳақида қарор қабул қилинди. Мазкур қазишма ишларини амалга ошириш Улуғбек расадхонасниинг жойини аниқлашдек мураккаб масалани ҳал қилган таниқли археолог Василий Вяткинга топширилди. Археологик қазишмаларни амалга ошириш учун унга 800 рубль маблағ ажратилди.
Самарқанддаги XV аср меъморлигининг нодир намуналаридан бири, қўхна астрономик кузатув муассасаси ҳисобланган Улуғбек расадхонаси темурийзода Улуғбек фармойиши билан бунёд этилган. Расадхона ўрта асрларда асбоб ускунаси жиҳатдан ҳам беқиёс бўлган. Мирзо Улуғбекнинг энг йирик астрономик асари “Зижи Кўрагоний” ушбу расадхонада яратилган.
1935 йил (бундан 90 йил олдин) – Ўзбекистон ҳукуматининг раҳбарлик идораларини қуйи идораларга яқинлаштириш ва улар билан алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида йирик ва ҳудуди тарқоқ туманларни ажратиш тўғрисидаги карори кабул килинди. Бу қарорга асосан Ўзбекистонда 17 та янги туман (Хўжабод, Тентаксой, Уйчи, Учкўрғон, Тайлоқ, Жомбой, Қизилтепа, Дехқонобод, Шўрчи, Китоб, Боғот, Пахтакор, Оққўргон, Жондор, Фориш, Чиноз, Бешкент туманлари) ташкил этилди.
1940 йил (бундан 85 йил олдин) – журналист, жамоат арбоби, ўзбек даврий матбуотининг асосчиларидан бири, биринчи жадид газетаси – “Тараққий”нинг муҳаррири Исмоил Обидий “ижтимоий хавфли унсур” сифатида 5 йил муддатга Красноярск ўлкасига сургун қилинди. У ўша ерда 1941 ёки 1942 йилда вафот этган.
1949 йил (бундан 76 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси, Хоразм достончилик мактабининг йирик вакили Норбек Бахши (асл исм-шарифи Абдулла Қурбонназаров) таваллуд топди. У Озарбайжон бахшилар уюшмаси аъзоси (1989). Норбек Бахши Бола Бахшининг ўғли ва шогирди бўлиб, санъаткорлик сирларини яна Комилжон Отаниёзовдан ўрганган.
1961 йил (бундан 64 йил олдин) – Ўзбекистон ҳукуматининг “Сурхон сув омбори базасида Сурхондарё ҳавзасидаги янги ерларни ўзлаштириш ва суғориш бўйича тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
1978 йил (бундан 47 йил олдин) – Тошкент Давлат консерваторияси қошидаги ўрта махсус мусиқа мактаби Мухтор Ашрафий номли Тошкент Давлат консерваторияси қошидаги Республика ўрта махсус мусиқа мактаб-интернатига айлантирилди. Бу мактаб-интернат истеъдодли болалар учун мўлжалланган профессионал ўқув муассасаси бўлиб, ўқувчиларни олий мусиқа ўқув муассасаларига тайёрлади.
1995 йил (бундан 30 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Миср Араб Республикаси, Покистон Ислом Республикаси ва Эрон Ислом Республикасида Ўзбекистон Республикаси элчихонасини очиш тўғрисида қарорлари қабул қилинди.
1996 йил (бундан 29 йил олдин) – Фарғонада буюк шоир Алишер Навоий таваллудининг 555 йиллиги муносабати билан унинг ҳайкали очилди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва “Қоракўлчилик тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2023 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий вазифаларини жадал суръатларда ҳал этиш ҳамда аҳоли фаровонлигини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”, “Қашқадарё вилоятида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда соғлиқни сақлаш тизимини янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорлари қабул қилинди.
2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Ўзбекистон Республикасининг табиий сув ҳавзаларида балиқ овлаш қоидалари тасдиқланди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади