Наср кенгашининг фаолияти кўриб чиқилди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида мазкур ижодий ташкилот Наср кенгашининг фаолиятига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда кейинги йилда юртимиз ёзувчилари томонидан яратилган роман, повесть ва ҳикоялар атрофлича муҳокама этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид мамлакатимизда миллий адабиёт ривожи йўлидаги эътибор адибларни долзарб мавзудаги янги-янги асарлар яратишга туртки бераётганини таъкидлади.
Маълумки, ўтган йили бир қатор ижодий танловлар ўтказилиб, насрий асарлар ғолиб деб топилди. Жумладан, “Ватан учун яшайлик” бадиий асарлар танловида Орзиқул Эргашнинг “Юлдузсиз осмон” ва “Қалб гавҳари” китоблари биринчи ўринга, Собир Ўнарнинг “Кунсулувнинг сирли хатлари” ҳикоялар тўплами иккинчи ўринга лойиқ топилди. “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловида Зулфия Қуролбой қизининг “Машаққатли ҳаёт сўқмоқлари” романи, “Йилнинг энг яхши асари” кўрик-танловида ёзувчи Хуршид Дўстмухаммаднинг тўғри жилдлик роман, қисса ва ҳикоялардан иборат китоблари Гран-прига, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султоннинг “Алишер Навоий” романи биринчи ўринга муносиб топилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишининг 19-банди ижросини таъминлаш мақсадида уюшма томонидан кўплаб ишлар амалга оширилди.
Жумладан, қатағон қурбонлари бўлган ватандошларимиз ҳаёти ва фаолияти, ўша пайтларда мамлакатимизда ҳукм сурган мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар, муайян тарихий воқеалар ҳақида энг яхши асарлар ижодий танлови якунланиб, мазкур танловда бир қатор ижодкорлар мустабид тузум томонидан шафқатсиз қатағон қилинган давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт намояндаларининг, оддий касб эгаси бўлган минглаб юртдошларимизнинг номлари ва хотираларини абадийлаштириш, уларнинг жасорати ва матонати тимсолида ёш авлодимизни Ватанимиз ва халқимизга муҳаббат, садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган ижодий ишлар учун танловда ғолибликни қўлга киритдилар.
Унга кўра биринчи ўринга Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Юз йиллик қотиллик қиссаси” номли тарихий-ҳужжатли маърифий қиссаси, иккинчи ўринга Шеркон Қодирийнинг “Дийдор қиёматга қолса”, Сирожиддин Аҳмедовнинг қатағон қурбонларига оид туркум асарлари, учинчи ўринга Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Жадид” қиссаси, Саттор Тожибоевнинг “Ниқобланган разолат” ҳамда “Кремлнинг қалтис ўйини” номли икки жилдли бадиий-ҳужжатли асарлари, Исматилла Йўлдошевнинг (марҳум) “Махфий маҳкама ёхуд...қонунсиз қамалганлар” қиссаси лойиқ кўрилди.
Бир қатор ёзувчиларнинг юбилей тадбирлари ўтказилиб, танланган асарлари, китоблари чоп этилди. Ўткир Ҳошимовнинг 80 йиллик юбилейи Ўзбек миллий академик драма театрида кенг нишонланди. Сана муносабати билан адибнинг танлаган асарлари кўп тиражда босилиб чиқди. Абдусаид Кўчимовнинг 70 йиллик юбилейига эссе ва қиссалардан иборат танланган асарлари, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзамнинг тўрт жилддан иборат танланган асарлари ҳам нашр этилди.
Шу билан бирга турли муаллифларнинг асарлари муҳокамасига бағишланган кенгаш йиғилишлари ўтказилди. Уларда бир қатор асарлар кенг ва атрофлича муҳокама этилди.
Н.Усмонова, ЎзА