Наркотик моддаларнинг муомаласида назорат кучайтирилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида «Наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи моддалар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг мақсади – гиёҳвандликка ҳамда наркожиноятларга қарши курашиш соҳасини тартибга солишдан иборат.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида айрим нормалар такомилига етказилгани, жумладан, гиёҳвандлик (наркомания), заҳарвандлик (токсикомания), прекурсорлар, психотроп моддалар, ғайриқонуний нарколаборатория каби асосий тушунчаларга батафсил таърифлар берилгани айтиб ўтилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида назоратга олинадиган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Лойиҳада тиббиёт эҳтиёжлари учун бундай моддалардан фойдаланишнинг қонуний асослари, тартиби ва зарур кафолатларини аниқ белгилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Муҳокамаларда қатор таклиф-мулоҳазалар билдирилди. Йиғилишда яна бир қатор масалалар кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
М.Комилова,
ЎзА