Намунали коммунал хизматлар кўрсатилмоқда
Юртимизда 2018 йилдан буён 18 апрель Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.
Бугунги кунда “НКМК жамғармаси” давлат муассасаси тасарруфида Навоий, Самарқанд, Жиззах вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 5 та меҳмонхона ва уларнинг бўлинмалари, 39 та ётоқхона, 631 та хизмат хонадони мавжуд.
Айни пайтда 39 та ётоқхонада 9 минг 177 киши истиқомат қилишмоқда. Уларнинг 6 минг 219 нафари “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ, 1 минг 798 нафари “НКМК жамғармаси” ДМ, 589 нафари “Навоийуран” ДК ва 571 нафари бошқа ташкилотларда меҳнат қилади.


– Жамғарма ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2023 йилда ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзоларининг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида 944 нафарига ётоқхоналардан ўрин жойи ва хоналар ажратилган бўлса, ишчи-ходимларга 30 та хизмат хонадони ажратилди, – дейди Уй- жой масалаларини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи З. Шамшиева. – Шунингдек, жамғарма тасарруфидаги меҳмонхоналар томонидан 7793 нафар ишчи- ходимга меҳмонхона хизматлари кўрсатилган бўлиб, кўрсатилган хизматлар бўйича маблағлар “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ва “Навоийуран” ДК томонидан тўлаб берилди.


Жамғарма томонидан фуқароларнинг мурожаатлари алоҳида назоратга олинган бўлиб, уларни ижобий ҳал қилиш мақсадида чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Жумладан, фуқароларнинг 394 та ёзма, 45 та виртуал ва “Ишонч телефони” орқали қилган мурожаатлари белгиланган муддатларда ўрганиб чиқилган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири