Намунали истеъмолчи навбатда турмайди
Аҳолига қулайлик яратиш ҳамда табиий газнинг ҳисоб-китобини тўғри юритиш мақсадида жойларда замонавий ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда.
Бухоро вилояти Ғиждувон туманида ҳам бу борада бир қатор амалий ишлар қилинмоқда. Бу ҳудуд аҳолисининг қарздорлик кўрсаткичи юқори бўлганлиги сабаб “Қизил ҳудуд” сифатида қайд этилган. Фуқароларнинг 8 мингга яқини замонавий ҳисоблагичлар билан таъминланди. Афсуски, баъзи ҳудуд аҳолиси ушбу мосламалардан нотўғри фойдаланиб келмоқда. Натижада эса унинг имкониятларини тўлиқ англамаган ҳолда бир қатор муаммолар туғилмоқда.
– Туман марказидан 11 километр узоқликда жойлашган “Биёсин” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи 448 та аҳоли хонадонларига босқичма-босқич ўрнатилаётган ҳисоблагичлар табиий газдан оқилона фойдаланиш, шунингдек, аҳолининг тўлов маданиятига риоя этишида муҳим аҳамият касб этади, – дейди “Gʻijduvontumangaz” газ таъминоти бўлими масъул ходими Одил Мўминов. – Бу борадаги амалий ишлар давомида тушунтириш-тарғибот ишларига алоҳида эътибор қаратилаётир. Асосий мақсад – аҳолининг ҳисоблагичдан самарали фойдаланиши ҳамда муаммоларга ҳожат қолдирмасликдир.
Албатта, намунали истеъмолчи тўловни вақтида амалга ошириб келса шубҳасиз, ортиқча мурожаатларнинг келиб чиқишига замин яратмайди.
Тушунтиришлар давомида тўловни уйдан чиқмаган ҳолда мобил иловалар орқали амалга ошириш мумкинлиги ҳам таъкидланмоқда.
“Биёсин” қишлоғида истиқомат қилувчи Нусха опа Худойқуловани барчага ибрат қилиб кўрсатса бўлади. Қарздорлиги ҳақида келган хабарга эътибор билан ёндашган Нусха опа тўловни ўз вақтида амалга оширади.
–Телевидение, радио орқали ҳисоблагичнинг имкониятлари ҳақида эшитган эдик, – дейди Нусха опа Худойқулова. – Ниҳоят ўзимизнинг қишлоққа ҳам етиб келди бу янгилик. Жуда хурсандмиз, айтганидек, ўзи ҳисоблаб, қарздорлигимиз тўғрисида смс хабар келади. Вақтида билиб, тўлаб юрибмиз. Муҳими, вақтимиз тежалади, совуқ-иссиқ кунларда навбатда турмаймиз. Тўлов маданиятига риоя қилганлигимиз бизга шунча имкониятни яратиб берди.
“Ақлли” ҳисоблагичлар фуқароларга газ таъминоти ташкилоти томонидан бепул ўрнатиб берилмоқда. Барча истеъмолчилар унга ташқи зарар етказмай, ўзбошимчалик билан уни ечиб олмаслиги ҳамда ортиқча хатти-ҳаракатлар билан шикаст етказмаслиги лозим. Муҳими, ундан тўғри фойдаланилса ҳисоблагич билан боғлиқ муаммоларга дуч келмайди. Бу эса истеъмолчи учун яратилаётган қулай имкониятларнинг самарадорлигини оширишда хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА