Наманганлик Иброҳим ота Хўжаев 108 ёшида оламдан ўтди
Эл-юрт ардоғидаги меҳнат фахрийси, Наманган вилояти Нуронийлар жамоатчилик кенгаши фаоли, Наманган туманининг Муллакудинг қишлоғининг улуғ оқсоқолларидан бири Иброҳим ҳожи ота Хўжаев 108 ёшида оламдан ўтди.
Меҳнат фаолиятини 1943 йилда аграр соҳада бошлаган, узоқ йиллар Тўрақўрғон ва Наманган туманларидаги жамоа хўжаликлари ҳамда Наманган туманидаги ободонлаштириш бошқармасида фидойилик билан ишлаган отахон меҳнат фахрийси сифатида юртдошларимизнинг ҳурмат-эътиборини қозонди. У ёшлар таълим-тарбиясида жонбозлик кўрсатди. Саккиз ўғил ва уч қиз ҳамда юздан зиёд набира-эвара-чевараларни элимиз корига ярайдиган инсонлар этиб камолга етказди.

Иброҳим ота Хўжаев 2019 йилда Президентимиз фармонига асосан давлат мукофоти – “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланган эди. Шунингдек, мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси билан муқаддас Ҳаж зиёрати амалларини бажариш бахтига муяссар бўлди.

Ўзбекистон фахрийларини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Турдиев марҳумнинг хонадонида бўлиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг кекса нуроний Иброҳим ота Хўжаевнинг оила аъзолари ва яқинларига йўллаган таъзия хатини ўқиб эшиттирди.
Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов меҳнат фахрийсининг бой ҳаётий тажрибаси, кенг жамоатчилик орасидаги юксак эътибори ва ибратли ўгитларини эътироф этиб, ортида қолганларга ҳамдардлик изҳор этди.
Таъзия маросимида ўтганлар руҳига бағишлаб Қуръон тиловат ўқилиб, дуои-фотиҳа қилинди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.