Наманганда волейбол бўйича “Мактабгача ва мактаб таълими вазири кубоги” финал босқичи бошланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Янги Наманган туманидаги “Паҳлавон” спорт мажмуасида мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда умумтаълим мактабларининг хотин-қиз ходимлари ўртасида волейбол бўйича “Мактабгача ва мактаб таълими вазири кубоги” мусобақасининг финал босқичига старт берилди.
Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Фарҳод Боқиев, Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Ботиржон Нуриддинов иштирок этиб, жамоаларни финал босқичи бошлангани билан қутлади ва иштирокчиларга муваффақият тилади.
[gallery-30228]
Финал баҳсларида ҳудудий саралаш босқичларида ғолибликни қўлга киритган жамоалар таркибидаги жами 112 нафар иштирокчи бош соврин учун беллашмоқда.
Мазкур мусобақа педагог ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, волейбол спорт турини янада оммалаштириш, хотин-қизларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган.
Мусобақа якунларига кўра, ғолиб ва совриндор жамоалар 150 миллион, 100 миллион ва 70 миллион сўм миқдоридаги пул мукофотлари билан тақдирланади. Шунингдек, мусобақа ғолиби бўлган мактаб жамоаларига қўшимча рағбат сифатида “Damas” автомашиналари топширилади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА